Фан-техника | 12:46 / 29.09.2017
7960
2 дақиқада ўқилади

Apple болалар, эгизаклар ва яқин қариндошларга Face ID’ни ишлатмасликни маслаҳат берди

Фото: Apple Insider

Янги iPhone X’да пайдо бўлган Face ID юзни фарқлаш функцияси яқин қариндошлар, масалан, ака-укалар ва опа-сингиллар билан, шунингдек, 13 ёшдан кичик бўлган болалар ҳамда эгизаклар билан ишлашда хатоларга йўл қўйиши мумкин. Бу ҳақда The Guardian ёзмоқда.

Бу ҳолатларда, Apple телефонни очиш тизимининг ишламаслиги ёки ёлғондан ишлаб кетишидан қочиш учун бошқа ҳимоя усулларини қўллашни таклиф қилмоқда. Улар орасида – рақамли код бор.

Илгари Apple Face ID юзларни фарқлаш тизими бошқа шунга ўхшаш ишланмалардан сезиларли даражада яхшироқ экани ва миллионтадан битта ҳолатда ишламаслиги мумкин экани ҳақида иддао қилганди. Компанияга кўра, уни фотосурат ёки ниқоб ёрдамида алдаб бўлмайди. Бундан ташқари, агар фойдаланувчи соқол ўстирса, шляпа кийиб олса ёки кўзойнак тақиб олса ҳам тизим ишлайди. Бунга муваффақиятли очилганидан кейин телефон эгасининг юзи суратлари асосидаги узлуксиз автоматик ўрганиш тизими орқали эришилади.

Apple компанияси iPhone X’ни 2017 йил 12 сентябрда тақдим этди. Телефон компаниянинг аввалги ишланмаларидан юқори нархи, Face ID юзларни фарқлаш функцияси ва қурилманинг деярли бутун олд юзасини эгаллаган экран каби янги технологик ечимлар билан ажралиб туради. У 2017 йилнинг ноябрида сотувга чиқарилади.

Мавзуга оид