Ўзбекистон | 17:15 / 02.10.2017
25364
5 дақиқада ўқилади

Онлайн назорат-касса машиналарини ишлатиш мажбурий қилиб белгиланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябрдаги «Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига шарҳ эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 72-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни реализация қилиш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишда нақд пул билан ҳисоб-китоб қилиш Назорат-касса машиналарининг давлат реестрига киритилган фискал хотирали назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаган ҳолда амалга оширилади.

Фискал хотирали назорат-касса машиналарининг қўлланилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги 306-сонли қарори билан тасдиқланган низомлар билан тартибга солинади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳоли билан нақд пулда амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотлар назорат-касса машиналарининг фискал хотирасида сақланади.

Ҳозирги пайтда тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳисобланадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини камайтириш, нақд пул тушумларини банк кассаларига топширмасдан яшириш мақсадида харидорларга назорат-касса машинаси чекини бермаслик, назорат-касса машинасини носоз ҳолатга келтириш, фискал хотирадаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, назорат-касса машиналарини йўқотиш орқали амалга оширилган товар айланмалари тўғрисидаги маълумотлар сохталаштирилмоқда.

Бундан ташқари, йирик савдо тармоқларида товарлар ҳисобини юритиш, харидорларга назорат-касса машинасидан чек бериш ягона компьютер тизими орқали амалга оширилиши сабабли улардаги нақд пул тушумлари тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилиги кафолатланмайди.

Нақд пул тушумларининг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари ходимлари жуда кўп вақт талаб этиладиган хронометраж тадбирларига мунтазам равишда жалб қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлдаги «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5116-сон Фармони билан давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ этишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш белгиланган.

Ушбу вазифалар, шунингдек, юқоридаги Фармон билан тасдиқланган «Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти ва солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури»нинг 8-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорда товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда аҳоли билан амалга ошириладиган ҳисоб-китоблар ҳажмини аниқлаш мақсадида 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказларида 500 тадан 1000 тагача бўлган онлайн назорат-касса машиналари тажриба-синов тариқасида амалиётга жорий этилади. 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб ушбу ҳудудлардаги барча юридик шахслар, 2018 йилнинг 1 декабридан бошлаб барча юридик ва жисмоний шахслар товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда аҳоли билан нақд пулдаги ҳисоб-китобларни мажбурий тарзда фақат онлайн назорат-касса машиналарини қўллаган ҳолда амалга ошириш орқали босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.

Онлайн назорат-касса машиналаридан келиб тушадиган фискал маълумотларни қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ва Давлат солиқ қўмитасига узатиш фискал маълумотлар оператори томонидан амалга оширилади.

Фискал маълумотлар оператори функциясини бажарадиган юридик шахс Давлат солиқ қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда аниқланади.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши билан:

биринчидан, харидорларга берилган назорат-касса машиналари чекларининг марказлашган электрон маълумотлар базаси яратилади ва назорат-касса машиналаридан фойдаланмаётган савдо шохобчаларини онлайн режимда аниқлаб, тезкор чоралар кўриш имконияти яратилади;

иккинчидан, назорат-касса машиналари орқали харидорларга берилган чеклар ҳақидаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, тушум суммасини камайтириш, назорат-касса машиналарини йўқотиш, бузиш ёки рўйхатдан ўтмаган назорат-касса машиналаридан фойдаланиш, шунингдек, иккиламчи бухгалтерия юритиш каби ҳолатларга чек қўйилади;

учинчидан, онлайн назорат-касса машиналарининг касса чекларидаги рақамлар уникал (такрорланмайдиган) бўлганлиги сабабли уларни сохталаштиришнинг олди олинади, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатилади, аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш жараёнига замонавий ахборот технологияларини татбиқ этишнинг янги босқичга кўтарилиши таъминланади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг нақд пул тушуми билан боғлиқ фаолиятига аралашиш ва турли хил назорат тадбирлари ўтказилишининг камайишига олиб келади.

Ҳужжат Қонунчилик миллий базасида расман эълон қилинган ва 2017 йил 30 сентябрдан кучга кирган.

Мавзуга оид