XXI асрдаги АҚШ тарихида энг оммавий қотилликлар
1 октябрь куни 64 ёшли Стивен Пэддок томонидан уюштирилган отишмада 50 дан зиёд киши ўлдирилди ва ярадорлар сони 400 дан ошди. Лас-Вегас жанубидаги меҳмонхоналардан бирида яшириниб олган қотил пастда ўтказилаётган Route 91 мусиқа фестивалининг томошабинларига қарата ўқ уза бошлаган. Кейинроқ у ўз жонига ҳам қасд қилган. Унинг хатти-ҳаракатлари сабаблари тушунарсиз. РБК сўнгги 10 йил ичида АҚШда рўй берган энг оммавий қотилликлар ҳақида маълумот йиғиб чиқди.
2007 йил. Виржиния Техника университети ётоқхонаси. 32 киши ўлдирилган
2007 йилнинг 16 апрелида жанубий кореялик Чо Сунг-Ҳи Виржиния штатидаги техника университети ётоқхонасига кириб, талабаларга қарата ўқ уза бошлаган. Икки соатдан сўнг отишма ўқув корпусида бошланган. Ҳодиса оқибатида 33 киши, жумладан, ўз жонига қасд қилган қотилнинг ўзи ҳам ўлган. 30 га яқин талабалар ва ўқитувчилар ярадор қилинган.
2009 йил. Кингстон шаҳри, Алабама. 10 киши ўлдирилган
2009 йилнинг 10 мартида Алабама штатидаги Кингстон шаҳрида Майкл МакЛендон 10 киши (қариндошлари ва тасодифий ўткинчилар)ни ўлдирган ва полициячилар билан отишма чоғида ўз жонига қасд қилган. Унинг чўнтагидан хат топишган: «Менинг жасадимни топган полициячи ўқисин. Мен онани ўлдирганимдан афсусда эмасман, лекин имкон қадар кўпроқ одамнинг жонини олиб, ўзимни ўзим ўлдирмоқчиман...»
2009 йил. Бингҳэмтондаги иммиграция маркази. 13 киши ўлдирилган
2009 йилнинг 3 апрелида Нью-Йорк штатининг Бингҳэмтон шаҳрида келиб чиқиши вьетнамлик бўлган Живерли Вонг иммиграция марказида отишма уюштирган ва 13 киши қурбон бўлиб, 4 киши яраланган. Мерган ўзиниям отиб ўлдирган. Кейинроқ унинг ўлимолди мактуби топилган ва хатда полиция уни бир неча йилдан бери таъқиб қилаётганини ёзиб қолдирган.
2009 йил. Техасдаги Форт-Ҳуд базаси. 13 киши ўлдирилган
2009 йилнинг 5 ноябрида майор Нидал Малик Ҳасан Форт-Ҳуд ҳарбий базасида отишма уюштириб, 13 нафар қуролсиз инсоннинг бошига етган, 30 кишидан ортиғини яралаган. Кейин полициячилар билан отишма чоғида умуртқасидан ўқ еб, фалаж бўлиб қолган. Кейинчалик исломни қабул қилган Ҳасан диндошларини ҳимоя қилиш мақсадида Афғонистон ва Ироққа отланаётган хизматдошларига ҳужум қилганини тан олган. 2013 йилнинг августида у ўлим жазосига ҳукм қилинган.
2012 йил. Аврорадаги кинотеатр. 12 киши ўлдирилган
2012 йилнинг 20 июлида Жеймс Ҳолмс «Қора рицарь: афсонанинг қайтиши» фильми премьерасида томошабинларга қарата ўқ узган. Аввал у залда кўздан ёш сиздирувчи газ сепган, кейин отишмани бошлаган. Полициячилар уни кинотеатр олдидаги автотураргоҳда қўлга олишган. Отишма оқибатида 12 киши ўлган, 70 киши яраланган. Тергов вақтида аниқланишича, Ҳолмс ўзини Бэтмен фильмидаги ёвуз қаҳрамонлардан бири Жокерга қиёслар экан. Дастлабки қамоқ даврида у исломни қабул қилган. Унинг соқчилари гувоҳлик беришича, у исломий таомларни тановвул қилган, Қуръон ўқиб, соқол ўстирган. 2015 йилда Ҳолмс умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
2012 йил. Нютаундаги Sandy Hook мактаби. 26 киши ўлдирилган
2012 йилнинг 14 декабрида 20 ёшли Адам Лэнза Коннектикут штатидаги Нютаун шаҳрида ўз онасини отган, шундан сўнг маҳаллий Sandy Hook мактабига йўл олган ва 20 та бола, 6 нафар катта ёшли кишиларни отиб, ўзини ҳам ўлдирган. Воқеадан сўнг Америка жамиятида қурол савдосини чеклаш бўйича муҳокамалар кучайган.
2013 йил. АҚШ ҲДК штаб-квартираси. 12 киши ўлдирилган
2013 йилнинг 16 сентябрида АҚШ ҳарбий денгиз кучларининг захирадаги аскари Аарон Алексис Вашингтондаги ҲДК бинолари мажмуасида отишма уюштирган. 12 киши ўлдирилган. Воқеадан сўнг дарҳол Адмираллик биносидан бир неча минг ходимлар эвакуация қилинган, офис полициячилар томонидан қуршаб олинган. AR-15 винтовкаси билан қуролланган жиноятчи кабинетлардан бирида қамалиб олиб, полициячиларга ўқ узган. Отишма чоғида у ўлдирилган. Кейинчалик Алексис руҳий касал бўлгани маълум қилинган.
2015 йил. Сан-бернардинодаги ногиронлар маркази. 14 киши ўлдирилган
2015 йилнинг 2 декабри тонги Калифорниядаги Сан-Бернардино шаҳрида номаълум кимсалар отишма уюштиришади. Эркак ва аёл жисмоний имкониятлари чекланган инсонлар марказига кириб, 14 кишини отиб ташлайди. Ҳужум қилганлар полициячилар томонидан ўлдирилган. Кейинчалик улар 27 ёшли Ташфин малик ва унинг 28 ёшли эри Саид Ризвон Фаррух эканлигини аниқланган. Воқеа теракт дея тан олинган.
2016 йил. Орландодаги Pulse клуби. 50 киши ўлдирилган
2016 йилнинг 12 июнида келиб чиқиши афғонистонлик бўлган 29 ёшли Умар Матин Орландодаги Pulse гей-клубига ҳужум уюштиради. У бинога бостириб кириб, тўпланганларга қарата ўқ уза бошлайди. Полициячилар отишма бошланганидан икки соат ўтиб клубга киришни уддалашади. Ҳужум натижасига 50 дан зиёд инсон ўлдирилади. Ҳужум учун жавобгарликни «ИШИД» террорчилик ҳаракати ўз зиммасига олади.
2017 йил. Лас-Вегасдаги мусиқий фестивал. 50 дан зиёд инсон ўлдирилган
1 октябрь куни Стивен Пэддок номаълум сабабларга кўра Лас-Вегас жанубидаги меҳмонхоналардан бирининг 32-қаватидан туриб отишма уюштиради. Меҳмонхона пастида Route 91 мусиқий фестивали ўтаётган эди. 50 дан зиёд киши қурбон бўлади, яраланганлар сони 400 дан ошган. Мерган ўзини ўзи ўлдиради.
Лас-Вегасдаги фожиа АҚШ тарихидаги ўқотар қурол ёрдамида амалга оширилган энг йирик оммавий қирғин сифатида тилга олинмоқда.
Мавзуга оид
21:54 / 18.11.2024
Трамп ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш режаси борлигини тасдиқлади
21:08 / 18.11.2024
Оқ уй Украинага АҚШ қуроллари билан Россияга зарба йўллашга рухсат берилганини тасдиқламади
20:14 / 18.11.2024
Украина ATACMS билан Россия ҳудудларига зарба бериши мумкин. Бу нимани ўзгартиради?
17:22 / 17.11.2024