Ўзбекистон | 11:50 / 05.10.2017
67860
5 дақиқада ўқилади

Меҳнат мигрантларига маслаҳатлар: «90/180 қоидаси» ёхуд «кирди-чиқди» қилиб юрганларга огоҳлантириш

Ҳозирги кунда талайгина юртдошларимиз патент олмасдан, ҳар 3 ойда «кирди-чиқди» қилиб юрганлари ҳақида хабарлар келмоқда ва бу тўғрисида саволлар берилмоқда. Бундай қилиш нотўғри ва бу нарса Россияга киришга 3 йилгача тақиқ қўйилишига олиб келади.

2014 йил январь ойидан «90/180 қоидаси» кучга кирган. Унга кўра, Россияга виза олмасдан келиши мукин давлатлар фуқаролари Россия ҳудудида 180 кун ичида ҳаммаси бўлиб фақат 90 кун юришлари мумкин. 90 кун юрган шахс Россияни тарк этиши керак ва у Россияга яна 90 кун ўтказибгина қайта кириши мумкин. Агар охирги 6 ой (180 кун) ичида бир неча марта Росияни тарк этган ва қайта кирган бўлса ҳам шу 180 кун оралиғида Россияда бўлган кунларини ҳисоблаганда 90 кунга етган бўлса, Россияни тарк этиши ва яна 90 кун ўтказиб қайта кириши лозим.

Бошқача қилиб айтганда, «визасиз» давлат фуқароси РФ ҳудудига кирган кунидан 90 кун ичида бу ерда вақтинча туриш (регистрация) муддатини узайтириш учун ҳужжатларни расмийлаштирмаган бўлса, Россияни тарк этиши керак. Бундай ҳолатда, 90 кун ўтгунгача Россияга қайта кирмаслиги керак. Бунга кўпчилик юртдошларимизда бўладиган ҳолатни мисол келтириш мумкин. Масалан, Россияга киргандан кейин 3 ой ичида патент расмийлаштириш ва «регистрация» муддатини чўздириб олиш керак. Агар шу 3 ой ичида бунинг иложи бўлмаса, зудлик билан Россияни тарк этиш ва орадан 90 кун ўтмасдан қайтиб келмаслик керак.

«90/180 қоидаси»ни бузганларга ФМС томонидан «регистрация», патент, «РВП», «ВИД на жительство» каби ҳужжатлар берилмайди ва Россияни тарк этган кунидан 3 йил муддатга Россияга киришга «запрет» (тақиқ) қўйилади.

«Запрет» бирдан эмас, бир оз вақт ўтиб қўйилади. Шунинг учун, «запрет» ҳақида маълумот базага кирмагунча, ушбу қоидани бузган шахс бемалол чегарадан ўтиб келиши мумкин. Шундай ҳолатларга гувоҳ бўлган юртдошларимиз бизга «Фалончи патент олмай, ҳар 3 ойда чегарага чиқиб келмоқда. Унга «запрет» қуйишмади, демак шундай қилса бўлавераркан», каби фикрларни айтишмоқда. Биз амалиётда жуда кўп шундай қоидани бузганларга «запрет» қўйилганига гувоҳи бўляпмиз. Ҳаттоки орадан 1–2 йил ўтиб «запрет» қўйилмоқда.

Шунинг учун, агар келажакда Россияда ишлашни мақсад қилган бўлсангиз, Россияга кирган кунингиздан 30 кун ичида патент олиш учун ҳужжатларни топширинг ва регистрация муддатини чўздириб юринг.

Қуйидаги шахсларга нисбатан «90/180 қоидаси» қўлланилмайди:

  • Патент олиб ишлаётган мигрантларга (фақат регистрация муддатини чўздириб юриш керак);
  • «Разрешение на временное проживание» (РВП) ва «ВИД на жительство»си борлар учун;
  • Россия ўқув юртларининг кундузги бўлимида таҳсил олувчи талабалар учун;
  • «Визали» давлатлардан келган мигрантлар учун;
  • Қочоқ мақомига эга ва вақтинча бошпанали (ВУ) мигрантлар учун.

Айтиш керакки, ЕврАзЭСга аъзо давлатлар (Қозоғистон, Беларусь, Арманистон ва Қирғизистон) фуқаролари ҳам «90/180 қоидаси»га амал қилишлари шарт.

ДИҚҚАТ! Шу ўринда яна бир муҳим масалани айтиб ўтиш лозим. Паспортни чегарага олиб чиқиб келишни таклиф қилувчи шахслар ҳам мавжуд. Баъзи ишонувчан одамлар ўз паспортларини шундай «ёрдамчи»лар орқали чегарага «кирди-чиқди» қилиш учун бериб юбораётганлари ҳақида хабарлар келмоқда. Бунга жиноий жавобгарлик мавжуд. Ҳеч қачон паспортни бировга бермаслик керак. Ҳар ким шахсан ўзи чегарани кесиб ўтиши шарт. Ўзи бормасдан, бировлар орқали худдики чегарани кесиб ўтган паспорт ҳақида маълумот чегара хизмати ва ФМС базасида бўлмайди. Бундай қилмиш кўплаб муаммоларга олиб келади.

Шунинг учун, азиз юртдошлар, алданиб қолманглар, чегарани кесиб ўтиш учун доим ўзингиз боринг!

 

Ботиржон Шерматов,

Юрист – консультант.

Манба: http://migrant.mobi

Мавзуга оид