Ўзбекистон | 01:03 / 06.10.2017
31989
11 дақиқада ўқилади

Сенат мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган қарор қабул қилди

Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини ва халқаро шартномаларини тўлиқ рўёбга чиқариш, бирор-бир шаклда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни келтириб чиқарадиган ҳолатларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймасликка доир чора-тадбирларни кучайтириш, шунингдек мазкур соҳадаги ишлар ҳолати ва олиб борилаётган ишлар тўғрисида кенг жаҳон ҳамжамияти эътиборига ишончли ахборот етказиб бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати

Қ А Р О Р  Қ И Л А Д И :

1. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ва бошқа қонун ҳужжатларида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат, бирор-бир жазо қўлланиши билан таҳдид қилиб, шу жумладан меҳнат интизомини сақлаш воситаси сифатида иш бажаришга мажбурлаш тақиқланишини белгилашдан иборат фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатланганлиги қайд этилсин.

2. Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мансабдор шахслари болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга йўл қўйганлиги учун шахсан жавобгар эканликлари ҳақида қатъий огоҳлантирилсин.

3. Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, шу жумладан бирор-бир шаклда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик бўйича Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг ва халқаро шартномаларининг нормалари бажарилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати чораларини кучайтириш зарур, деб ҳисоблансин.

4. Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси (С.Б.Артикова), Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш (Т.К.Нарбаева) билан ҳамкорликда:

  • фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга, шу жумладан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш ва унга йўл қўймасликка доир Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, шунингдек 2017-2020 йилларда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича Мамлакат дастурида назарда тутилган чора-тадбирлар сўзсиз бажарилишини ташкил этиш юзасидан чора-тадбирлар мажмуини қабул қилсин;
  • давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек жисмоний шахслар томонидан фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмаслиги устидан парламент ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатсин;
  • Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида парламент ва жамоатчилик назоратининг барча шаклларидан фойдалансин;
  • маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорликда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши ҳамда иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ўз вақтида амалга оширилиши учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларининг масъулиятини ошириш масалалари бўйича ишлар олиб борилишини таъминласин;
  • фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларини ва халқаро шартномаларини бажариш юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар раҳбарлари томонидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги масаласи доимий равишда кўриб чиқилишини таъминласин;
  • фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир қонун ҳужжатларининг ижроси соҳасидаги муаммолар ва камчиликлар жойларда ўрганилишини ташкил этсин;
  • амалдаги қонун ҳужжатларининг инвентаризациясини ўтказсин, фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, шу жумладан халқаро меҳнат стандартларини имплементация ва ратификация қилиш орқали такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқсин;
  • фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш борасида эришилган ижобий натижаларнинг барқарорлигини таъминлаш бўйича жойларда кенг тушунтириш ишларини олиб борсин.

Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси (С.Б.Артикова) бир ой муддатда Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси тўғрисидаги низомни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши тасдиғига киритсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича ҳудудий комиссияларни 2-иловага мувофиқ таркибда тузиш тавсия этилсин.

Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар:

  • жойларда фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини, шу жумладан ХМТнинг ратификация қилинган конвенциялари доирасидаги меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир кенг тушунтириш ишларини олиб борсин;
  • фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга, шу жумладан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш ва унга йўл қўймасликка доир қонун ҳужжатларини амалга оширишга оид жойлардаги муаммоларни ва камчиликларни ўрганиб борсин;
  • давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек жисмоний шахслар томонидан фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратининг барча шаклларидан фойдалансин;
  • давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек жисмоний шахслар томонидан фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқлари бузилаётганлиги ҳақидаги маълумотни йўл қўйилган қоидабузарликлар учун белгиланган тартибда таъсир чораларини қўллаш учун бандлик ва меҳнат муносабатларининг ҳудудий органларига ва прокуратура органларига киритиб борсин;
  • олиб борилаётган ишларнинг натижалари бўйича ахборотни, шунингдек қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифларни Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссиясига доимий равишда тақдим этиб борсин.

6. Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси (С.Б.Артикова) фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларини ва халқаро шартномаларини бажариш юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар раҳбарлари томонидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги ахборотни мунтазам равишда (бир йилда камида бир марта) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлиси муҳокамасига киритиб борсин.

Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалари давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек жисмоний шахслар томонидан ижро этилишига доир ахборотни мунтазам равишда (бир йилда камида бир марта) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари муҳокамасига киритиб борсин.

7. Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси (С.Б.Артикова) олиб борилаётган ишлар натижалари бўйича қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ҳар йили ахборот тайёрласин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига (А.Х.Комилов) қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги материалларни БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатиб бориш тавсия этилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (А.Х.Комилов) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси (А.А.Курманов) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси (А.Ж.Жалилов, келишувга кўра) билан ҳамкорликда фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисидаги ахборотни чет элдаги консуллик муассасалари орқали жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар эътиборига етказиш юзасидан таъсирчан чора-тадбирларни кўрсин.

9. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Тадбирлар мажмуи 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (А.Н.Арипов):

  • қишлоқ хўжалиги самарадорлиги ва рентабеллигини, уни механизациялаш даражасини ошириш мақсадида, шу жумладан пахта ҳосилини машинада териш ҳажмини кўпайтиришда, шунингдек мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларини ўтказишда бозор механизмларини, инновацияларни, фан ютуқларини ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
  • жорий агротехнологиялар қўлланишини яхшилаш ҳамда замонавий агротехнологияларни жорий этиш, механизацияланган теримга тайёрлигини таъминлайдиган ҳамда механизацияланганликдан максимал самара берадиган ғўза навларининг селекциясини ривожлантириш;
  • озиқ-овқат маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида аграр секторда амалдаги қувватларни модернизациялаш;
  • тўғридан-тўғри инвестицияларни, чет эл кредит линияларини ҳамда техник кўмак маблағларини жалб қилиш мақсадида аграр сектор ва унинг маҳсулоти ўзгартирилишини ва диверсификацияланишини ҳисобга олган ҳолда республика қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;
  • жалб этиладиган мавсумий ишчиларни иқтисодий жиҳатдан рағбатлантиришнинг турли усулларини ишлаб чиқиш, бу соҳадаги меҳнат муносабатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар кўрсин.

11. Нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига:

  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ҳамда фермер хўжаликлари фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳамда миллий қонун ҳужжатларига риоя этаётганлиги устидан жамоатчилик назоратини жорий этишга доир чора-тадбирларни кучайтириш;
  • меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига дахлдор бўлган шахсларга нисбатан жамоатчиликнинг таъсир чораларини қўллаган ҳамда уларни жавобгарликка тортиш тўғрисида ваколатли органларга таклифлар киритган ҳолда аҳоли ўртасида кенг ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш ва аҳоли билан қайта алоқа механизмларини жорий этиш тавсия қилинсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига (А.Х.Саидов) ижтимоий шериклик доирасида муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларига субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар ажратиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш тавсия этилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (И.Б.Абдуллаев) фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга, шу жумладан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш ва унга йўл қўймасликка доир Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ижроси устидан қатъий назорат олиб борилишини таъминласин, бунда мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларини ва бошқа жамоат ишларини ўтказишда амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратсин.

14. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н.Т.Йўлдошев зиммасига юклатилсин.

15. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Олий

Мажлиси Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев

Тошкент шаҳри,

2017 йил 4 октябрь

Мавзуга оид