Ўзбекистон | 23:15 / 06.10.2017
27912
3 дақиқада ўқилади

«Теримчиларда пахта терими учун белгиланган нархларга эътироз йўқ» — Бош вазир ўринбосари

Пахта харидининг тўлови тўлиқ ва ўз вақтида бажариб борилиши давлат идоралари томонидан назорат остига олинган. Ҳозирда пахта терими учун белгиланган нарх юзасидан теримчиларда эътирозлар йўқ. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Нодир Отажонов Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессияси вақтида маълум қилди. 

«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, 1 октябрдан бошлаб қўлда терилган бир килограмм пахта учун 500 сўм ҳақ бериш жорий қилинди. Мазкур тўловнинг тўлиқ ва ўз вақтида бериб борилиши назорат остига олинган. Белгиланган нарх юзасидан теримчиларимизда ҳеч қандай эътироз йўқ», деди Бош вазир ўринбосари.

Нодир Отажонов шунингдек, Ўзбекистон пахта етиштиришда етакчи мамлакатлар қаторига кириши ва ерларнинг ҳосилдорлиги бир кунлик теримни 100 килограммдан ҳам оширишга имкон беришини айтиб ўтган.

Ҳозирда Ўзбекистонда пахта ҳосилининг 60 фоизи йиғиб бўлинган.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева ҳам шу мавзуда фикр билдириб ўтган.

«Ҳукумат томонидан белгиланган нарх - бу фақат шу қийматда иш ҳақи берилсин, дегани эмас. Бу шу миқдордан кам бўлмаган иш ҳақи жорий қилинишини билдиради. Бугунги кунда айрим вилоятларда фермерларимиз томонидан 600 сўм, 700 сўмдан тўловлар ҳам амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, меҳнаткашларимизга турли моддий рағбатлар ҳам жорий этилмоқда», деган у. 

Шунингдек, Халқаро Пресс-клуб раҳбари Шерзод Қудратхўжаев ҳам Республикамиздаги пахта терими мавсуми ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди: 

«Вилоятларга сафар қилганимизда далада пахта тераётган инсонларга меҳнат қилиши учун етарлича шарт-шароитлар яратилганига гувоҳ бўлдик. Уларга бир маҳал иссиқ овқат - асосан палов ва шавла бепул берилмоқда».

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2017 йил ҳосили пахта хом ашёсининг харид нархлари тўғрисида»ги  қарорига мувофиқ, қўлда терилган пахта хом ашёсининг 1 килограмми учун биринчи босқичда — 450 сўмдан, иккинчи босқичда 2017 йил 1 октябрдан бошлаб — 500 сўмдан тўлаш белгиланган. Шунингдек, машинада терилган пахта хом ашёсининг 1 тоннаси учун 260 000 сўмдан тўлаш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

Мавзуга оид