Ўзбекистон | 21:00 / 08.10.2017
49141
4 дақиқада ўқилади

Фото: Шовот туманида бозор манзаралари

Куз-қиш мавсуми яқинлашиб келиши билан автомобиль йўлларнинг аҳволи ёмонлашиб бораверади. Ана шундай мазмундаги мурожаатларнинг сони Хоразм вилояти Шовот туманидан кўплаб юборилмоқда. Таҳририятга юборилган бир нечта мурожаатларга асосан, Kun.uz мухбири Шовот туманига йўл олиб, вазиятни ўрганди.

Урганч туманидан ўтиб борар эканмиз, халқ орасида «Пир бозор»​ номи билан машҳур «Шовот шарқ бозори»​ МЧЖга қарашли савдо майдонига кўз тушди. Ушбу манзарада тасвирланган объект узоқ йиллардан буён халққа бозор вазифасини ўтаб келмоқда. Аммо аҳвол шу даражада ачинарли даражага етиб келганки, ёғингарчилик бошланса, сотувчилар катта автомобиль йўли четига ҳам чиқиб кетади.

Оддий санитария қоидаларига риоя қилинмай тайёрланган таомлар билан хизмат кўрсатиш салбий оқибатларга олиб келиши барчага аён. Шунга қарамай, бу ердаги вазиятга ижобий таъсир кўрсатишнинг имконияти бўлмаган.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган Шовот тумани ҳокими биринчи ўринбосарининг айтишича, айнан «Пир бозор»​ни тўлиқ реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун смета-лойиҳа ҳужжатлари тасдиқланган.

«Жорий йилнинг август ойида мана шу хайрли ишга қўл урилди. Насиб қилса, 2019 йил 1 январь кунига қадар савдо комплексини замонавий тарзда қуриб битказишни режалаштирмоқдамиз»​, дейди у.

Биз мутасадди вакилнинг берган маълумотидан қониқиш ҳис қилиб, ўз йўлимизда давом этарканмиз, «Шовот деҳқон бозори»​ ва ундан бир кўча нарида жойлашган «​Буюм бозори»​га ташриф буюрдик. Ҳовлиси ҳувиллаб қолган бозорга кириб келишингиз билан «юзлаб чуқурча пейзажи»га эътибор қилишингиз аниқ. ​Очиғини айтганда, туманда йирик 3та бозорнинг харидоргир бўлиши кўзга ташланмай тургани мухбирни ажаблантирган бўлса, бозор раҳбарининг сўзлари тушунмовчиликка ойдинлик киритди.

«Бизнинг туманда бозорлар ҳафтасига бир марта фаолият олиб боради. Масалан, «Пир бозор»​ чоршанба куни, менинг раҳбарлигим остидаги «Шовот деҳқон бозори»​ эса ҳафтанинг бошқа кунида аҳолига хизмат кўрсатади. Сиз кўриб турган камчиликларни инкор этишдан йироқман, чунки бозордаги шароитни яхшилаш учун ҳаракат қиляпмиз»​, дейди у.

Маълум бўлишича, 2016 йилнинг январь ойидаги ҳолатга кўра, «Шовот деҳқон бозори»​ МЧЖнинг фаолиятида йирик қарздорлик мавжуд бўлган. Жамиятнинг дастлабки 96 миллион сўм атрофидаги камомаддан шу кунларда тахминан 3.7 миллион сўм қолган. Шунингдек, Kun.uz мухбирига маълум бўлишича, ушбу иншоот Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил имзоланган 2853-сон қарорига мувофиқ 2017-2019 йилларда қайта таъмирланиши белгиланган савдо комплекслардан бири сифатида қайд этилган. Демак, келгуси икки йил ичида Шовот туманида ўзгача кўриниш ва виқор билан қад ростлаган савдо комплексларининг фаолиятига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Хоразм вилоятида яшовчи аҳоли учун қувонарли хабарлардан бири, Шовот-Қўшкўпир туманлараро автомобиль йўлида жорий таъмирлаш ишларини бошлаш бўлиши табиий.

Шовот туман ҳокимлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, жорий йилнинг октябрь ойининг ўзида жорий таъмирлаш ишлари учун бир миллиард сўм, умумий ҳисобда икки миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Таъкидлаш жоизки, ушбу йўл орқали Хивага бориш имконияти мавжуд ва айни пайтда йўл жуда ачинарли ҳолатга келиб қолган.

Мавзуга оид