Жаҳон | 20:50 / 09.10.2017
22200
5 дақиқада ўқилади

Путин 15 кун ичида 9 нафар губернаторни ишдан бўшатди

«Ўзимнинг истеъфога чиқарилишим ҳақида ҳеч нарса эшитганим йўқ», деган Омск губернатори Виктор Назаров бугун «ўз ихтиёрига кўра» ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди. 25 сентябрда бошланган Россия ҳудудлари раҳбарларини истеъфога чиқариш тўлқини Омск областига ҳам етиб келди.

Худди олдинги ҳолатларда бўлгани сингари Кремль губернатор Виктор Назаровнинг кетиши «ўз ихтиёрига кўра» дея таърифлаган. Владимир Путиннинг фармонига кўра, «Справедливая Россия» партияси аъзоси бўлмиш 50 ёшли Александр Бурков ҳудуднинг вақтинча раҳбари этиб тайинланди. У уч марта Давлат думасига сайланган. Ўтган параламент сайловларида «Справедливая Россия» партиясидан ўзининг жонажон Свердловск областида партия рўйхатини бошқарган.

Фото: Виктор Назаров / ТАСС

Бу сўнгги икки ҳафта ичида тўққизинчи губернаторнинг истеъфога чиқарилишидир. «Ўз ихтиёрига кўра» кетганларнинг биринчиси Самара губернатори Николай Меркушкин бўлган эди. Омск губернатори Назаровгача Путиннинг фармони билан Новосибирск области губернатори Владимир Городецкий ҳам истеъфога чиқарилган эди.

Ундан бир кун аввал парламент мухолифатидан яна бир сиёсатчи вазифага тайинланди — Орёл области губернатори, РФКП вакили, 45 ёшли Вадим Потомский ўрнига москвалик 38 ёшли коммунист Андрей Кличков вақтинча раҳбар этиб тайинланди. Шундай қилиб, коммунистлар ўзининг иккинчи губернатори лавозимини сақлаб қолишди (яна бири — Иркутск области раҳбари Сергей Левченко).

Кимлар кетди?

Назаров Путиннинг тегишли фармони чиқмасдан аввалроқ, Омск области ҳукуматининг аппарат йиғилишида ўз истеъфосини эълон қилган.

Худди шу тариқа — Путиннинг фармони расман эълон қилинмасдан аввал Доғистон раҳбари Рамазон Абдулатипов ва Красноярск ўлкаси губернатори Виктор Толоконский ўз истеъфосини эълон қилишган эди.

Аввалроқ Приморье ўлкаси губернатори Владимир Миклушевский, Нижегород области раҳбари Валерий Шанцев, Ненец автоном округи раҳбари Игорь Кошин истеъфога чиқарилган.

Омск губернатори Виктор Назаров 2012 йилнинг май ойида, президент Дмитрий Медеведев томонидан ушбу областни 20 йил бошқарган Леонид Полежаев ўрнига тайинланган эди. 2015 йилги сайловларда Назаров 60 фоиз сайловчилар овозини олиб, област раҳбари лавозимига сайланган эди. ОАВ маълумотларига кўра, Назаров ўрнини «Оборонпром» директорлар кенгаши раиси Сергей Сокол эгаллайди.

 

Янги губернаторлар нима учун керак?

Экспертлар губернаторлар истеъфосини 2018 йилги президентлик сайловларига боғлашмоқда. Уларнинг фикрига кўра, сайловчилар ҳокимият янгиланаётганини, гарчи бу федерал даражада эмас, ҳудудий даражада амалга ошаётганини кўришса, уларнинг фикри ўзгаради.

Ярим йилдан сўнг Россияда президентлик сайловлари ўтказилади. Ҳозирча сайловолди кампанияси бошланмаган, бироқ бу сайловга ҳам Владимир Путин ўз номзодини илгари суриши тахмин қилинмоқда. Путин эса ҳозирча ўзининг президентлик сайловларида қатнашиш масаласига ойдинлик киритмаган.

Сайлов кампаниясининг қандай якун топиши ҳозирданоқ аниқ эканлиги эътиборга олинса ва бўлажак сайловларда Путинга рақобатчининг ўзи йўқлигидан, Кремль жамиятнинг шу рақобатга бўлган талабини қондириш мақсадида, ҳудудлар раҳбарларини рамзий тарзда янгилаб қўймоқда, деган сиёсатшунос Александр Кинев.

Чунки «Левада-центр» социологи Денис Волковнинг айтишича, Россия аҳолисининг учдан икки қисми ўзгаришларни истамоқда.

Ҳокимиятни янгилаш — сайлов кампанияси мобайнида президент маъмурияти тутган йўл очиқ-ойдин йўналишларидан саналади, ҳудудлардаги ҳокимиятни янгилаш эса — унинг очиқ таркибий қисмларидан биридир, дейди сиёсатчи Виталий Иванов.

«Бу ерда худди «Жағлар» фильмидаги каби ҳолат мужассам — томошабинга бус-бутун акулани дарҳол кўрсатиб бўлмайдику? Аввал қуйруғи ва жағи кўрсатилади. Бу ерда ҳам губернаторлар истеъфоси — муқаддима. Кейинчалик қизиқроқ нарсалар бўлади — федерал ҳокимият янгиланади», — деган сиёсатчи Би-би-си мухбирига.

Ўзгартиришлар сайлов натижаларига таъсир қиладими?

Губернаторлар — нафақат рамзий ҳокимият, шунингдек ўз ҳудудларида президентлик сайловларининг ўтказилиши учун бевосита жавобгар шахси ҳисобланади.

«Ҳудудларда сайловларни ташкиллаштириш билан фақат ҳудудий сайлов комиссиялари шуғулланди, деб ўйламаётгандирсиз? Майли, формал бўлмасин, лекин ҳар бир губернаторнинг вазифасига ўз ҳудудида сайловни қонунда кўзда тутилган барча талабларга риоя қилинган ҳолда ўтказишни ташкиллаштириш ҳам киради», — деган Би-би-си нашрига Кремльнинг собиқ ходимларидан бири.

Янги губернаторларнинг вазифаси осон бўлмайди. Сентябрь ойида бўлиб ўтган сайловлар россияликларнинг сайловга қизиқишлари сусайганини кўрсатиб берди, Дума сайловлари давоматнинг пастлиги билан ёдда қолди. Путин эса сайловларда 70 фоиз давомат билан 70 фоиз овоз олиши керак, деб ёзган эди РБК президент маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенконинг сўзларига кўра.

Мавзуга оид