Жамият | 22:20 / 15.10.2017
96736
4 дақиқада ўқилади

Москва вилоятида ўзбекистонлик сартарош йигит арзимас важ билан ўлдирилди

Москва вилоятида 24 ёшли ўзбекистонлик сартарош йигит Достон Адехонов мижоз томонидан ўлдирилди. Қисқача Даня номи билан маълум бўлган йигит оиласида ягона фарзанд бўлган. У Москвага ишлагани келган. Энди Достоннинг мижозлари унинг жасадини онасига юбориш учун пул йиғмоқдалар. Йигитнинг ўзга юртда қариндошлари бўлмаган. 

Ўн гулидан бир гули очилмаган йигит соч турмагидан норози бўлган мижози томондан Янги Москвада ўлдирилди. Ушбу мудҳиш воқеани Россия Федерация кенгаши аъзоси Антон Беляков сўзлаб берди. Ваҳший мижоз Достонни кўчада куппа-кундузи гувоҳлар кўз ўнгида кабоб сиҳини қўллаган ҳолда ўлдирган. У йигитнинг юрак соҳасига сиҳ билан уч марта зарба берган.

Беляковнинг маълум қилишича, у бу воқеа ҳақида марҳум сартарошнинг мижози бўлган Алексей исмли дўстидан хабар топган. Беляковнинг айтишича, унинг дўсти Достоннинг ишидан жуда мамнун бўлган: Достон ўз ишини аъло даражада уддалаган ва бу хизмати эвазига унча катта ҳақ олмаган. Унинг хизмат ҳақи одатда 200-250 рубль турган. Данянинг ўз касби устаси бўлгани туфайли ўзига тўқ одамлар ҳам унинг мижозлари бўлишган. 

"Даня Москва вилоятидаги арзон гаров сартарошхонада ишлаган. Шу сабабли ҳам нархлар паст бўлган. Даня "тилла қўллари"га қарамай, яхшироқ жойга ишга жойлаша олмаган. Чунки Даня меҳнат муҳожири бўлган", деб ёзмоқда Беляков.

Оиладаги ягона фарзанд бўлган Достон Москвада карьерага эришмоқчи бўлган, бироқ энди унинг орзулари армон бўлиб қолди.

Шу пайшанба, 12 октябрда Достон ёнига бир эркак келиб, сочини олиб қўйишни сўраган. Мижоз сочини олдириб бўлгач, 200 рубль тўлаб, сартарошхонадан кетган. Бироқ у эртасига қайтиб келиб, унга соч турмаги ёқмаганини айтган. Достон турмакни тўғрилашга ҳаракат қилган, бироқ мижоз яна турмакдан кўнгли тўлмаган. Шунда мижоз Достонни кўчага олиб чиқиб, унга аввалдан тайёрлаб қўйган сиҳи билан зарба берган.

Ушбу ҳолат тасвирланган видеода Достон мижоздан қочаётгани, бироқ мижоз унга етиб олиб юрак соҳасига зарбалар берганини кўриш мумкин. Достон ўзини ҳимоя қилишга уринмаган ва зарбалардан кейин ерга қулаган. Қотил разил ишини амалга ошириб, ҳеч нарса бўлмагандек нарига кета бошлаган. Бироқ ортига қараб, Достоннинг ўрнидан тураётганини кўриб яна унинг ёнига чопиб келган. У Достон яна йиқилиб тушганини кўргач, воқеа жойидан ғойиб бўлган. 

Беляков сўзлари охирида "бу разил қотил"ни полиция қидираётгани ва уни топишда ёрдам беришни сўраган.

Бу воқеанинг яна бир аянчли томони шуки, воқеа гувоҳлари бу қотилликни тўхтатиш учун ҳеч қандай уринишни амалга оширишмаган.

Кейинроқ ушбу жиноят бўйича Павел исмли кимса қўлга олинган. У қотилликни амалга оширганини тан олган. Қотил эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинган. Ушбу жиноят юзасидан "Қотиллик" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Маълум қилинишича, жиноятчи Киров вилоятида яшаган. У аввал ҳам ўғриликлар қилгани ва автомобилни олиб қочгани учун икки марта судланган бўлган. У Москва вилоятини тарк этмоқчи бўлганда полиция томондан қисқа вақт ичида ушланган.  

Мавзуга оид