Спорт | 20:00 / 16.10.2017
32905
6 дақиқада ўқилади

Ишсиз юрган 7 мураббий

Европа клубларида ишлаган ва айни вақтда ишсиз қолган топ-мураббийлар талайгина. «Tribuna.uz» шундай мутахассислардан 7 нафарини ёдга олади.

Лоран Блан, 51 ёш
Сўнгги иш жойи: «ПСЖ»
2016 йил 22 июнь кунидан буён ишсиз

Қачонлардир Лоран Блан «ПСЖ» раҳбарияти томонидан узоқ муддатли ҳамкорликка мос мураббий сифатида кўрилган эди. Аммо Чемпионлар лигасидаги муваффақиятсизликлардан сўнг, тезда ишончдан чиқди. Ички чемпионатда қўлга киритилган 11та соврин шайхлар учун аҳамиятга эга бўлмади. Энди Блан «ПСЖ» таркибидаги Неймар ва Мбаппени кўриб, чемпионлар кубогини боши узра қандай кўтаришини хаёлида тасаввур қилса керак.

Ушбу мураббий 1 йилдан буён бекор юрибди. Миш-мишларга кўра, у «Барселона»ни бошқариш мақсадида, Испаниянинг учта клуби таклифини рад қилганди. Аммо Каталония ўзининг бошқа собиқ футболчиси — Эрнесто Вальвердени танлади.

 

Дэвид Мойес, 54 ёш
Сўнгги иш жойи: «Сандерленд»
2017 йил 22 май кунидан буён ишсиз

Шотландиялик мутахассис «Манчестер Юнайтед»да ўзининг номдор ватандоши бўлмиш Алекс Фергюсон ўрнини босолмади. «Қизил иблислар» таркибида ишлаб, инқирозга учраганидан сўнг, унинг карьераси қуйига қараб шўнғиди.

Мураббий испан тилини ҳам ўрганолмади ва «Реал Сосьедад»да футболчилари номини доимо алмаштириб юрди. Сўнгра «Сандерленд» билан АПЛ жадвалида сўнгги ўринни эгаллади. Иши юришмагач, жамоани тарк этишга қарор қилди. Ҳатто товон пулини ҳам талаб қилмади. Айни пайтда, у яна иш изламоқда ва ватани терма жамоасини бошқаришдан умидвор.

 

Томас Тухель, 44 ёш
Сўнгги иш жойи: «Боруссия» Дортмунд
2017 йил 30 май кунидан буён ишсиз

«Боруссия»нинг сўнгги мавсуми ғалати таассурот қолдирди: бир томондан навбатдаги қайта қуриш, тажрибали футболчиларнинг етишмаслиги, иккинчи томондан, сўнгги 5 йилдаги илк соврин ва Чемпионлар лигаси йўлланмасини берувчи учинчи ўрин қўлга киритилди.

Шундай бўлса-да, Томас Тухель мавсум охирида ишсиз қолди. Вақт ўтиши билан бу ўзгаришнинг «Боруссия» учун фойдали бўлганини кўрдик.

Янги мавсумда матбуот Тухелга икки жойдан - «Челси» ва «Бавария»дан иш топиб берди. Эҳтимол, келаси мавсумда уни бу жамоалардан бирида кўрармиз.

 

Луис Энрике, 47 ёш
Сўнгги иш жойи: «Барселона»
2017 йил 30 июнь кунидан буён ишсиз

Лучонинг «Барселона»даги даврини омадсиз деб айтишга ҳеч кимнинг тили бормаса керак. У жамоа билан 13та мусобақада иштирок этиб, 9та совринни қўлга киритди - бу жиддий кўрсаткич.

Аммо сўнгги мавсум «Реал»нинг Европадаги гегемонлиги фонида яхши таассурот қолдирмади. Натижада, Луис Энрике жамоа билан янги шартнома имзоламай, уни тарк этишга қарор қилди. Айни пайтда, у билан Хитой ва Германия клублари қизиқмоқда. Бироқ, Лучо фақат юқори савияда мураббийлик қилишга бел боғлаган.

 

Паулу Соуза, 47 ёш
Сўнгги иш жойи: «Фиорентина»
2017 йил 30 июнь кунидан буён ишсиз

Португалиялик мураббий Европанинг экзотик чемпионатлари бўйича мутахассисдир. У Венгрияда 4та совринни ютиб олган, Исроил ва Швейцарияда ҳам чемпион бўлган. Аммо, топ-лигаларда Соузанинг иши унчалик юришмаяпти. Англияда ҳам, Италияда ҳам у совринларни қўлга киритолмади.

Ёзда «Зенит» уни таклиф қилмоқчи эди, аммо якунда тажрибали Манчини номзодини маъқул кўрди.

 

Франк де Бур, 47 ёш
Сўнгги иш жойи: «Кристал Пэлас»
2017 йил 11 сентябрь кунидан буён ишсиз

Укаси Роналддан фарқ қилган ҳолда, Франк де Бур мураббийлик фаолиятида ўз йўлини топиб кетолмасдан, тез-тез инқирозга учрамоқда. «Аякс» билан бир неча яхши мавсумдан сўнг, голландиялик мутахассис икки жамоада ишлади. Аммо ҳар иккаласида ҳам узоққа боролмади. «Интер» клубини 85 кундан сўнг тарк этган бўлса, «Кристал Пэлас»ни 78 кун бошқариб, АПЛ аксилрекордини ўрнатди.

 

Карло Анчелотти, 58 ёш
Сўнгги иш жойи: «Бавария»
2017 йил 28 сентябрь кунидан буён ишсиз

Жорий мавсумда «Бавария»ни таниб бўлмай қолди: жамоа югурмади, тиришмади ва ғалаба қозонмади. «ПСЖ» клубидан учралган йирик ҳисобдаги мағлубият раҳбариятнинг сабр косасини тўлдирди. Анчелотти эртаси куниёқ истеъфога чиқарилди.

Унинг жамоадан кетишини футболчилар шоду-хуррамлик билан кутиб олишди. Энди дунёнинг энг муваффақиятли мураббийларидан бири янги саргузашт изламоқда.

Баъзилар у ўзи учун қадрдон бўлган «Милан»га қайтиши ҳақида гапиришди. Бироқ, «россонери» устози Винченцо Монтелла ўзига ишонишини маълум қилиб: «Агар Карло хоҳласа, «Милан»да менинг ёрдамчим бўлиши мумкин» - деди. Ҳа, Анчелотти учун бироз ёқимсиз бўлса-да, бир нарса аниқ эди: энди у ўзига бошқа жойдан иш излаши лозим.

Мавзуга оид