Ўзбекистон | 19:00 / 20.10.2017
85683
4 дақиқада ўқилади

«Боғча ходимлари яна пахтага чиқсин ёки ҳар бири 150 минг сўмдан тўласин...»

Ўзбекистон ҳукумати жорий мавсумда ўқитувчи, талаба ва шифокорларни пахта йиғим-теримидан озод этган эди. Ушбу касб эгалари бу қарордан хурсанд бўлиб, ишига қайтиб, сидқидилдан меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда. Талабалар эса кўтаринки кайфиятда билим олишмоқда. Бу яхши, албатта.

Иш юзасидан хизмат сафари билан Қашқадарё вилоятига борганимда жамоат транспортида икки ўрта ёшдаги аёлнинг бошқа аёллар билан суҳбатини эшитиб қолдим. Маълум бўлишича, улар бир кун олдин пахта йиғим-теримидан қайтишган экан.

Бири сўз бошлади. Ҳукуматимиз томонидан пахта далаларидаги ўқитувчи ва талабаларни қайтариш тўғрисида топшириқ бўлганида улар ўша куннинг ўзида қайтарилган экан. Аммо, мактабгача таълим муассасаларида, яъни боғчада ишлаётган ходимларга бу нарса сизларга тааллуқли эмас, кўнглингизни чўктирмай пахтани теринглар деб, айтишган. Ўша вақтда сентябрь ойининг охирлари эди. Шу 20 кун ўтмай қоладими, деб пахтани теришган. Кейинги 20 кунликка боғчада ишлайдиган, пахтага бормаган ходимлар келиб ўрин алмашишиб, бу икки аёл иш жойига қайтиб ишлашаётганини гапириб беришди, суҳбатдош аёлларга.

Бу суҳбатга гувоҳ бўлганимда боғчада ишлаётган ишчилар ҳам жондан азиз фарзандларимиз тарбияси билан шуғулланади-ку. Улар ҳам тарбиячи бўлса, болаларимизни боғчага ишониб топшириб, иш-ишимизга кетамиз. Ишимиз тугагандан сўнг, бехавотир боғчага бориб, тарбиячига раҳмат айтиб фарзандимизни уйга олиб келамиз. Ана шундай масъулиятли вазифада меҳнат қилишса-да, нима сабабдан улар пахтадан қайтарилмаган бўлса, деб кўнглимдан ўтказиб қўйдим.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорининг эълон қилиниши ушбу муассасалар фаолиятини тубдан яхшилашга қаратилгандир. Шунингдек, куни кеча Президентимиз раислигида мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда янги вазирлик олдига мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олишни кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш вазифалари қўйилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу соҳани янада ривожлантириш борасида улар олдига бир қатор вазифаларни қўяётган бир пайтда, боғча ходимлари яна пахта йиғим-теримига жалб этилаётганини қандай тушуниш мумкин.

Ҳа айтганча, куни кеча Қашқадарё вилоятига яна иш юзасидан борганимда, яна ўша эски масала, яъни пахта теримига боғчада ишлайдиган ходимларни яна 5 кунга пахтага чиқараётгани тўғрисида маълумотга эга бўлдим. Энг қизиғи, пахтага бирон сабаб билан бормайдиган ходим бўлса, 150 минг сўм пул бериши лозим экан. Шу ерда ҳақли бир савол туғилади. Бормайдиган ходимнинг берган 150 минг сўми кимнинг чўнтагини қаппайтирар экан-а? Ё бўлмаса боғча ходимларининг ҳар бири берган 150 минг сўми давлатга кирим қилинадими?

Тоштемир МУРОД

Мавзуга оид