Спорт | 11:40 / 20.10.2017
41664
2 дақиқада ўқилади

Рўзиқул Бердиев терма жамоа мураббийи бўлгани тасдиқланди

Ўзбекистон терма жамоасини БААга қарши ўртоқлик учрашувига Рўзиқул Бердиев олиб боради. Бу ҳақида бугун Ўзбекистон Футбол Федерациясида бўлиб ўтган мажлисда Умид Аҳмаджонов маълум қилган.

ЎФФ матбуот хизматида таъкидланишича, Ўзбекистон терма жамоаси ёшартирилиши муносабати билан таркиб буткул янгиланмоқда, БААга қарши ўйинда ёшлар синовдан ўтказилади.

«Биз келажак учун истиқболли режалар тузаяпмиз. Шу тамойилга содиқ қолган ҳолда миллий терма жамоа таркибини ёшартириш йўлидан борамиз. 

БАА билан ўйин миллий терма жамоа таркибига номзод бўлган янги ёшларни саралаб олиш ва уларни синовдан ўтказиш имконини беради. Жамоани майдонга Рўзиқул Бердиев бошлаб тушади», - деган Умид Аҳмаджонов.

ЎФФ президенти терма жамоага хорижлик мураббий таклиф қилиниши тўғрисида ҳам маълум қилиб ўтган.

«Биз 20-25 кун ичида миллий терма жамоага хорижлик мураббий тайинланиши ҳақида айтиб ўтгандик. Ўтган вақт ичида бир қанча номзодларни кўриб чиқдик, лекин, ҳозирча, бизнинг талабларимизга жавоб берадигани чиқмади. Аммо, изланишдамиз, музокаралар олиб бормоқдамиз», - деган Умид Аҳмаджонов.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси БАА билан 14 ноябрь куни меҳмонда ўртоқлик учрашуви ўтказади. Ўйин бўлиб ўтадиган стадион ва унинг вақти ҳақида кейинроқ хабар берилади.

Мавзуга оид