Спорт | 21:40 / 24.10.2017
33479
6 дақиқада ўқилади

«Кучли учлик»ка қарши. Яна кимларни энг зўрлар деб тан олишди?

Фото: FourFourTwo

ФИФА талқини бўйича йилнинг энг яхши футболчисига овоз бериш жараёни якунлари эълон қилинди.

Унда терма жамоаларнинг мураббийлари ва сардорлари, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг машҳур журналистлари иштирок этди.

Сўровнома якунига кўра, «Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду 43,16 % овоз тўплаб, биринчи ўринни қўлга киритди. «Барселона» етакчиси Лионель Месси (19,25 %) иккинчи ва унинг собиқ жамоадоши Неймар (6,97 %) учинчи ўринни эгаллади.

Табиийки, ўтган мавсумнинг қаҳрамонлари бўлмиш бу уч нафар футболчи бошқаларга қараганда биринчи ўринга кўпроқ лойиқ кўрилди.

ФИФА ўз расмий сайтида ким кимга овоз берганини эълон қилганидан сўнг, қизиқ ҳолатларга дуч келдик.

Маълум бўлишича, ўтган мавсумда Роналду, Месси ёки Неймардан ҳам яхшироқ ўйин намойиш қилган бошқа футболчи борлигига ишонадиганлар бир талай экан.

Келинг, уларнинг ўзига хос хит-паради билан танишамиз.

Фото: Getty Images

Эден Азар (1 марта биринчи ўринга лойиқ кўрилди)

Бельгия терма жамоаси устози Роберто Мартинес фикрига кўра, «Челси»да тўп сураётган унинг шогирди дунёнинг энг яхши футболчиси бўлишга лойиқдир. Азар ўтган мавсумда жамоасининг АПЛ ғолиблигини қўлга киритишига салмоқли ҳисса қўшган эди.

Фото: Getty Images

Мануэль Нойер (2)

«Бавария» ва Германия терма жамоаси посбони ўтган мавсумни ҳам юқори савияда ўтказди. Польша терма жамоаси сардори ва унинг жамоадоши Роберт Левандовски ва Таиланд термаси сардори Тҳамсатчанан Кавин айнан унга ўз овозини берган.

Фото: Getty Images

Роберт Левандовски (2)

«Бавария» ва Польша терма жамоаси ҳужумчиси учун ўтган мавсум яхши кечди: Германия чемпионатининг тўпурарлари сафидан жой олди, шунингдек ЖЧ-2018 саралаши Европа қитъасида урилган голлар сони бўйича рекорд ўрнатди. Шу сбабли бўлса керак, Белиз бош мураббийи Ричард Орловски ва Польша терма жамоаси устози Адам Навалка уни дунёнинг энг яхши футболчиси деб ҳисобламоқда.

Фото: Getty Images

Златан Ибраҳимович (2)

«МЮ» клубининг швециялик ҳужумчиси ўтган мавсумда АПЛдаги ёрқин ўйинлари билан эътибор қозонди. Футболчи жамоаси билан Европа Лигасида ҳам ғалаба қозонди. Икки нафар шахс фикрига кўра, Златан дунёнинг энг яхши футболчисидир - Хитой Тайпейи сардори Чен Йи Вей ва Непал сардори Маҳаржан Бираж.

Фото: Getty Images

Кейлор Навас (2)

«Реал»нинг костарикалик дарвозабони Кейлор Навас дунёнинг 2017 йилдаги энг яхши футболчисидир. Ғалати эшитиляптими? Аммо Коста Рика терма жамоаси сардори Брайан Руис ва бош мураббий Оскар Рамирес айнан шундай фикрда.

Фото: Getty Images

Луис Суарес (3)

Уругвай терма жамоаси ва «Барселона» ҳужумчиси Луис Суаресни уч нафар шахс дунёнинг энг яхши футболчиси деб ҳисобламоқда.

Улар - Уругвай терма жамоаси сардори Диего Годин, Бангладеш терма жамоаси бош мураббийи Орд Эндрю ва «Барселона» етакчиси Лионель Месси!  

Леонинг бу танлови бироз ажаблантириши мумкин, аммо Неймарнинг ПСЖ клубига ўтиб кетиши, унинг аввалги фикрини ўзгартирган бўлиши мумкин.

Фото: Getty Images

Н'Голо Канте (3)

Уч нафар шахс фикрига кўра, «Челси» ва Франция терма жамоаси яримҳимоячиси Н'Голо Канте ўтган мавсумнинг энг зўр футболчисидир. Улар Бельгия сардори ва Кантенинг жамоадоши Эден Азар, Баҳамас ороллари сардори Флёр Лесли ва Доминика етакчиси Бертран Эвклид.

Фото: Getty Images

Пьер-Эмерик Обамеянг (3)

Габонлик футболчини дунёнинг энг яхши футболчисига бериладиган совринга лойиқ деб уч нафар шахс ҳисобламоқда. Улар Барбадос сардори Марио Ҳарте ва бош мураббийи Муҳаммад Аҳмад, шунингдек Ҳиндистон терма жамоаси устози Константин Филип

Фото: Getty Images

Лука Модрич (3)

«Реал» ва Хорватия терма жамоаси етакчиси Лука Модрич ҳар доимгидек мавсумни юқори савияда ўтказди.

Луканинг энг яхши футболчи эканига шубҳа қилмайдиганлар орасида Мавритания сардори Брю Кевин, Шотландия терма жамоаси бош мураббийи Гордон Стракан ва диққат (!) «Реал» етакиси Криштиану Роналду ҳам бор.

Фото: Getty Images

Серхио Рамос (5)

Испания терма жамоаси сардори ва «Реал» етакчиларидан бири ўтган мавсумни ёрқин тарзда ўтказди. Шу туфайли бўлса керак, 5 нафар шахс уни дунёнинг энг яхши футболчиси деб ҳисоблаган - Белиз сардори Элрой Смит, Ҳиндистон сардори Сунил Чҳетри, Янги Каледония сардори Ваканумуну Жоэл, Испания ва Уэльс терма жамоалари устози Хулен Лопетеги билан Крис Коулман.

Фото: Getty Images

Жанлуижи Буффон (5)

«Ювентус» ва Италия терма жамоасининг 39 ёшли посбони Жанлуижи Буффон Чемпионлар лигасида ғалаба қозонса, шубҳасиз дунёнинг энг яхши футболчиси бўлиши мумкин эди. Аммо насиб қилмади...

Бироқ, бу совринсиз ҳам уни энг яхши деб ҳисобловчилар бир талай - Марокаш сардори Элмутаки Маҳдий, Фаластин сардори Абдулатиф Албаҳдарий, Тринидад ва Тобаго сардори Бато Шелдон, Хитой Тайпейи бош мураббийи Курода Кадзуо ва Макао бош мураббийи Чан Хю Минг.

Фото: Getty Images

Тони Кроос (6)

«Реал» ва Германия терма жамоасининг яримҳимоячиси Тони Кроос ўтган мавсумда дунёнинг энг яхши футболчисига лойиқ ўйин намойиш қилди. Шундай фикр тарафдорлари орасида бундестим сардори Мануэль Нойер ва бош мураббий Йоахим Лёв бор.

Бундан ташқари, Люксембург сардори Мутч Марио, Грециянинг германиялик устози Михаэль Шкиббе, Норвегия бош мураббийи Пер Ҳансен, Руминиянинг германиялик мураббийи Кристоф Даум ҳам бу фикрга 100% қўшилади.

Мавзуга оид