Жамият | 19:40 / 29.10.2017
18142
2 дақиқада ўқилади

Фазогир бўлиш учун берилган мантиқий топшириқ фойдаланувчиларни ўйлантириб қўйди

Британиялик фазогир Тим Пик Facebook’даги обуначилари учун у фазогир бўлиши вақтида ечиши керак бўлган мантиқий топшириқни тақдим қилди.

Фото: twitter.com/ @ESATimPeake

"Фараз қилинг, олдингизда куб турибди. Уни ўнгга, чапга, олдинга (сизга нисбатан) ва орқага айлантириш мумкин. Куб тубида нуқта бор. Энди фикран айланани қуйидаги йўналишларда айлантиринг: олдинга, чапга, чапга, олдинга, ўнгга, орқага, ўнгга. Шундан кейин нуқта қаерда бўлади?", деб ёзган Пик ва топшириқнинг суратини илова қилган.

Пикнинг бу пости 900 га яқин жавоб ва 1,5 минг лайк тўплаган. Баъзи фойдаланувчилар берилган топшириқни бажаришда қийналганларини, қолганлар эса топшириқнинг жавоби унинг саволида яширинганини таъкидлашган.

Натижада кўпчилик берилган барча ҳаракатлардан кейин нуқта яна куб туби, яъни бошланғич жойига келиши ҳақидаги хулосага келишган. Пик кейинроқ айнан шу жавоб тўғри эканлигини тасдиқлаган.  

Жорий ҳафтада ўзининг "Фазогирдан сўра" китобини тақдим қилаётган Пик ITV каналидаги эрталабки шоуда меҳмон бўлган. Шоу бошловчиси Пикдан "Ойнинг бир бўлагини ўзингиз билан олдингизми?", деган савол бергандан кейин кулгуга қолган. Ваҳоланки, одам оёғи охирги марта Ой сиртига 1972 йилда қўйилган, Пик эса айнан шу йил дунёга келган.

Мавзуга оид