Спорт | 18:19 / 31.10.2017
26012
6 дақиқада ўқилади

Олий лига мураббийлари ЎФФ қароридан норози бўлмоқда

Ўзбекистон футбол федерацияси келаси йил Олий лигада 12та жамоа иштирок этишини эълон қилди.

Бу қарор мамлакатимиз футболига алоқадор бўлган баъзи шахсларни ҳайрон қолдирди. Хусусан, Олий лигада сўнгги ўринларни эгаллаб турган жамоа мураббийлар бундан очиқчасига норози бўлди.

Championat.asia сайти бу борада «Нефтчи» клуби бош мураббийи Вадим Абрамов ва «Сўғдиёна» устози Игорь Шквирин фикрлари билан қизиқди.

Мусобақа жадвалида 14-ўринни эгаллаб турган «Нефтчи» клуби бош мураббийи Вадим Абрамов қуйидаги фикрларни билдирди:

«Менга келаси йил Олий лигада 12та жамоа бўлиши ҳақида хабар беришди. Тўғриси, буни эшитиб ҳайрон қолдим. Чунки бизда бу мавсум учун регламент чиқарилган. Шундай экан, агар 2019 йилдан шундай форматга ўтамиз дейилганида бошқа гап эди. Лекин бу янгилик тўсатдан чиқди ва эндиликда пастки ўринлардаги жамоаларда биз нима учун футбол ўйнаяпмиз деган савол пайдо бўлади. Футболчилар ҳам шок ҳолатида, бундан кейин машғулот ўтказиш керакми-йўқми, ўйланиб қолдик. Ҳамма Олий лигада 12та жамоани қолдириш ўзаро келишув асосида ҳал қилинди деяпти, лекин шахсан мендан ҳеч ким маслаҳат сўрагани йўқ.

- Сизнингча, 12та жамоани қолдириш нима беради?

- Ўйинлар сони кўпайишини айтишимиз мумкин. Ҳозир ҳар бир жамоа 30та ўйин ўтказяпти, кейинги йил 33тадан ўйин бўлар экан. Менга қолса жамоалар сонини кўпайтирган маъқул, шундай бўлган тақдирда ўйинлар ҳам кўп бўлади.

- Энди «Нефтчи» қолган тўртта турни қандай ўтказади?

- Мен бунгаям ҳайронман. Бизда регламент бор эди ва шунга амал қилиб келаётгандик. Энди эса регламентнинг кераги бўлмай қолди. Ҳайронман, буёғига нима учун майдонга тушамиз? Вазиятга реал қараш керак, мавсум тугашига тўрт тур қолганида қандай қилиб 11-ўринни қўлга кирита оламиз? Биласизми, ФИФА, УЕФА ёки ОФКда бирор мусобақага ўзгартириш киритиладиган бўлса, бу нарса камида 2-3 йил олдин маълум қилинади. Кейин шунга қараб ҳамма тайёргарлик кўришни бошлайди. Лекин чемпионат давом этаётган пайтда тўсатдан янги формат ҳақида қарор чиқарилиши мен учун тушунарсиз» - деди Абрамов.

Жиззахнинг «Сўғдиёна» клуби 28 очко билан 13-ўринни эгаллаб, «хавфли зона»да турибди. Жамоа бош мураббийи Игорь Шквирин Олий лигада 12та жамоа қолиши ҳақидаги фикрларини айтди.

«Янгиликни эшитдик ва бундан ҳаммамиз ҳайрон қолдик. Тўғрисини айтаман, ЎФФ сайтида чиққан хабар кайфиятимни анча тушириб юборди. Чунки федерация раҳбарияти билан учрашганимизда бошқача суҳбат бўлганди, амалда эса бошқача бўлди. ЎФФ аввалига турнир жадвалининг юқори ўнталигида бораётган клублар вакиллари билан суҳбат ўтказди. Кейинчалик 10-ўриндан пастдагилар билан суҳбат ташкил қилинди. Суҳбат давомида кўп мавзулар ҳақида гаплашдик: легионерлар, ёш футболчилар хизматидан фойдаланиш ва ҳоказо. Айтишим мумкин, ЎФФ ўшанда бизни эшитди, лекин қулоқ солмади.

- Суҳбат давомида кейинги йил Олий лигада нечта клуб бўлиши ҳақида гап борганмиди?

- Ҳа, бу мавзуда ҳам фикрлар алмашилганди. Олий лига формати қандай бўлиши, нечта жамоани қолдириш, 12тами, 14тами... Шунда мен ҳам ўз фикримни айтдим: майли формат ўзгарсин, лекин 2018 йилдан эмас, балки 2019 йилдан. Чунки бу йил чиқарилган регламент кейинги йилги мусобақа учун асос бўлиши керак. Умуман олганда, ЎФФнинг қарорига қарши эмасмиз, аммо спорт тамойилларини ҳам унутмаслигимиз керак. Агар ЎФФ кейинги йил ҳам Олий лигада 16та жамоа иштирок этади ва 2018 йилдан бошлаб 12та жамоани қолдирамиз деб бир йил олдин огоҳлантирганида бошқа гап эди. Яна қайтариб айтаман, федерациядагилар бизни эшитишди, лекин қулоқ солишмади.

- Ҳозир бу борада фикрингиз қандай?

- Фикрим ҳозир ҳам ўша-ўша. Менимча, кейинги йил ҳам 16та жамоа қолдириб, агар 12та жамоа қатнашадиган мусобақа ташкил қилиш бўлса, бу ҳақда регламентга киритиб ўтиш керак, айтайлик, тўртта ё бешта жамоа тушиб кетади дея ҳаммани олдиндан огоҳлантириб қўйиш лозим. Мен хоҳлардимки, ҳамма клублар бир хил шароитга эга бўлсин. Ҳозир эса бундай бўлмаяпти: қарордан биз қатори «Нефтчи», «Шўртан» каби клублар ҳам азият чекиб қолишди. Менимча, бу қарор ҳали кўп муҳокама қилинади.

- Сизнингча, нима сабабдан федерация бу қарорга келди?

- Мен бунинг сабабларини билмайман. ЎФФда янги раҳбарият иш бошлаганидан бери фақат бир марта федерация биносига бордим ва ичкарига кириш қийин бўлди. Дарвоза олдидаги милиция ходими ҳеч кимни киритмасакан. Олдинлари бемалол кириб чиқардик, аммо ҳозир ундай эмас. Ҳозир чақиришсагина боришингиз мумкин, лекин ўзингиз бирор иш билан борсангиз ичкарига кириш қийин бўлади» - деди Шквирин.

Мавзуга оид