Жамият | 22:46 / 04.11.2017
70317
2 дақиқада ўқилади

Биргина ноқобил ва аллақачон давлатдан чиқиб кетган одам учун Ўзбекистон жавобгар эмас - ​АҚШ конгресменлари

Фото: Расул Қушербаев

Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат делегация АҚШнинг "Open World” дастури доирасида Вашингтон шаҳрига ташриф буюрди. Унда ўзбекистонлик қонун ижодкорлари АҚШ Конгресси ва Сенати аъзолари билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда Kun.uz'га депутат Расул Қушербаев маълум қилган.

Учрашувлар давомида парламентлараро муносабатларни кучайтириш, ўзаро тажриба алмашинув билан бирга тинчлик ва барқарорликка путур етказувчи омилларга қарши ҳамжиҳатликда кураш олиб бориш зарурлиги қайд этилган.

"АҚШ сенатори Рожер Викер, конгрессменлар Элиот Энжел, Франкис Руней, Жим Макговерн, Девид Прайс, Ричард Ҳадсон мулоқотлар давомида куни кеча Нью-Йорк шаҳридаги террорчилик ҳаракатини, келиб чиқиши ўзбекистонлик шахс амалга оширганини, афсус билан қайд этиш билан бирга, Ўзбекистон Президентининг таъзияси ва америкаликларга қилган мурожаатини юксак баҳолади”, дейди Расул Қушербаев.

Ушбу мудҳиш жиноятнинг илдизига етиб бориш ва қарши курашда Ўзбекистоннинг ҳар доим кўмакка тайёр эканлиги АҚШ учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидланган. Бунинг учун америкалик қонун ижодкорлари ўз миннатдорчилигини билдирдилар.

"Уларнинг фикрича биргина ноқобил ва аллақачон давлатдан чиқиб кетган одам учун Ўзбекистон жавобгар эмас, бундай ишни ҳар қандай бошқа шахс ҳам қилиши мумкин эди. Учрашувлар давомида давлат ва халқлар аро ўзаро муносабатларни ривожлантириш қаторида шунингдек, АҚШ ва Ўзбекистон парламентлараро дўстлик гуруҳларини тузиш масалалари ҳам муҳокама этилди. АҚШ конгресси вакиллари Ўзбекистондаги ислоҳотларга хайрихоҳ эканликларини маълум қилдилар”, деб қўшимча қилган депутат.

Мавзуга оид