Ўзбекистон | 17:30 / 06.11.2017
122633
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги пахта далаларида шифокорлар ва андижонлик ўқитувчилар теримга жалб этилган

Таҳририятга келиб тушаётган кўплаб мурожаатларда «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат раҳбари Абдулла Арипов пахта мавсумида ўқитувчи, талаба ва шифокорларни мунтазам теримга жалб этишни тақиқлаган бўлса ҳам, бу ҳол ўзгача йўллар билан амалга оширилаётгани» ҳақида сўз юритилган.

Kun.uz мухбири мурожаатлардан бир нечтасини ўрганиш учун 5 ноябрь куни Тошкент вилояти Бўка ва Бекобод туманларига ташриф буюрди. Маълум бўлишича, Бўка туманига яқин ҳудудда Олмалиқ шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаси шифокор ва ходимлари пахта даласига киришга шай бўлиб, дам олиш куни ҳашарга келган.

Фото: @kun.uz / Бўка тумани

«Биз кунлик теримга шифокорларни жалб этмаяпмиз, барчаси ўз хоҳиши бўйича ҳашарга келган. Ойлик маошдан ушлаб қолиш ва бошқача усулдаги таҳдид ҳақида сўз очишнинг ўзи ўринсиз. Қолаверса, ҳашарчиларга кун давомида бажарган ишига қараб, рағбатлантирувчи совғалар топширамиз. Масалан, «​оқ ёғ»​ тарқатгандик, бу ҳафта янада кўп одам чиқди», дейди ўзини таништиришни хоҳламаган Олмалиқ шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарларидан бири.

Унинг маълумотига кўра, якшанба куни ҳашарга чиқиш - бу ҳар кимнинг ўз истагига кўра бўлади. Аммо шу пайтда 370 нафар пахтакорларга «старший» этиб тайинланган бир бошқарма ходимларидан бирининг «икки нафар фарзандини уйда қолдириб келгани»ни билдириб, кетишга рухсат сўраб турганини эшитиш мухбирда шубҳа уйғотди.

Фото: @kun.uz / Бекобод тумани

Бекобод тумани Зафар ҚФЙ ҳудудида жойлашган Далварзин 1, 2, 3, 4, 5 бўлимларида эса аҳвол анча жиддий тус олди. Ушбу майдонда водий вилоятлари, айниқса Андижон вилоятининг турли туманларидан олиб келинган мактаб ва коллеж ўқитувчилари пахта терим мавсумига жалб этилгани аниқланди.

«Талабаларга газеталардан ташлаб келганман, кроссворд ечиб ўтиргандир», деб ҳазил аралаш сўз юритади Олтинкўл туманидаги коллежлардан бирида муаллимлик қилувчи пахтакор. Унинг айтишича, мавсум ўз ниҳоясига етиб қолди, шунга қарамай кўпчилик қочиб кетган.

«Пахта деярли йўқ. Агар бўлса маҳаллий аҳолига маошни вақтида бериб борилса, биз ҳам тера оламиз», дейди Далварзин 3-бўлимда истиқомат қилувчи пахтакорлардан бири.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг тасдиқлашича, водийдан келган ўқитувчилар қишлоқ уйларига тақсимот асосида жойлаштирилган. Избоскан ва Булоқбоши туманларида жойлашган мактаблар ўқитувчиларига бош бўлиб, тегишли туман ҳокимларининг Хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳам Тошкент вилоятига келган.

Хулоса қилиб айтганда, пахта мавсумини талафотларсиз якунлаш, келаси йилдан бошлаб теримда илғор техникадан фойдаланишга ўтиш ҳаётий заруриятга айланиб бормоқда. Меҳнат муносабатларда ижтимоий соҳа вакилларининг ҳар жабҳада «фаол» бўлавериши эса салбий оқибатларга эга бўлиши мумкин.

 

Мавзуга оид