Жаҳон | 10:30 / 15.11.2017
14092
4 дақиқада ўқилади

Зимбабведа сиёсий танглик. Мамлакатда ҳарбийлар исёни бошланди

Зимбабве пойтахти Харареда, президент Роберт Мугабе қароргоҳи яқинида отишма овозлари эшитилмоқда. Бу ҳақда AFP гувоҳларга асосланган ҳолда хабар тарқатган.

«Унинг уйи яқинида 30-40 марта ўқ овози эшитилди»,— деган жаноб Мугабенинг қароргоҳига яқин ҳудудда яшовчи фуқаролардан бири.

Бундан аввалроқ Харареда бир неча портлашлар содир бўлгани ҳақида хабарлар берилганди.

14 ноябрь куни пойтахтга кирган ҳарбийлар Зимбабве давлат телерадиокомпаниясини эгаллашганди.

Айни вақтда мамлакатда давлат тўнтарилиши бошлангани айтилмоқда.

Фото: Генерал-майор С.Б.Мойо 

Бироқ бироз аввалроқ ҳарбийлар телевидение орқали чиқиш қилиб, президент Мугабе хавфсиз жойдалиги, бу ҳаракатлар исён эмаслиги, уларнинг мақсади президентнинг атрофидаги кишиларга қарши қаратилгани ҳақида айтишганди.

37 йилдан буён Мугабе томонидан бошқариб келинаётган Зимбабведа сиёсий инқироз шу ой бошида бошланганди. 6 ноябрь куни Мугабе вице-президент, ўз вориси сифатида қаралувчи 75 ёшли Эммерсон Мнангагвуни жодугарлар ёрдамида ҳокимиятни қўлга олишга уринишда айблаб истеъфога чиқариб юборганди.  

Фото: Эммерсон Мнангагва / The Herald

Мнангагва ва унинг тарафдорлари мамлакатдаги ҳукмрон “Зимбабве Африка миллий иттифоқи – Ватанпарварлик фронти” партиясига қарши яширин гуруҳ яратиш йўли билан президентни ҳокимиятдан четлатишни режалаштиришгани маълум қилинди. Мнангагву мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Баъзи нашрларга кўра, Мугабе ўз ворисини рафиқаси Грейс Мугабенинг қутқуси билан ҳайдади. Кейинроқ Грейс Мугабе унинг ўринбосари этиб тайинланиши ҳақида хабар қилинди.

Фото: Грейс Мугабе / Reuters

Октябрь ойида Мнангагву 52 ёшли Грейсни ўз жонига суиқасд қилишда айблаганди. Грейс Мугабени Zanu-PF партиясининг ёшлар қаноти қўллаб-қувватламоқда ва у Роберт Мугабенинг ўрнини эгаллаши мумкин.

Бу воқеалардан кейин Зимбабве Қуролли кучлари бош штаби Константино Чивенга Эммерсон Мнангагвунинг ёнини олиб чиқди ва президентга ультиматум қўйди.

«Агар бизнинг инқилобимизга таҳдид пайдо бўлса, биз уни куч билан ҳимоя қиламиз»,— деганди у.

Вице-президент ва унинг тарафдорларини ҳимоя қилиб чиққан армия бошлиғи президентга 4 талабини илгари сурди, бу талаблардан бири ҳарбийларни ёмонотлиқ қилувчи баёнотларни қайтариб олиш ҳақида эди. У шунингдек, партиядаги тозалашларни бас қилишни, навбатдаги съездда қатнашиш учун партиянинг барча аъзоларига тенг имконият тақдим қилишни талаб қилган.

Мугабе бу ультиматумга расман муносабат билдирмади. Мугабенинг тарафдорлари эса президент учун ўлимга тайёр эканликларини билдиришди.

14 ноябрь куни Хараре томон ҳарбий кучлар ҳаракатлана бошлагач, ҳукуматдаги партия генерал Чивенгани мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликни издан чиқаришда айблади.

Айни вақтга келиб Зимбабвега қўшни бўлган ЖАР давлати ҳукумати бу мамлакатдаги вазиятдан хавотир билдирган. Лекин ЖАР қўшни давлат ички ишларига аралашмоқчи эмас.

Мугабе 1980-1987 йиллар мамлакат бош вазири лавозимини эгаллаган. У охирги 30 йилдан бери мамлакатни муттасил бошқариб келмоқда. Шу билан бирга у ҳозирда дунёдаги энг кекса давлат раҳбари ҳисобланади.

Алмашмас ҳукмдор: Президент Мугабе Зимбабвени қай кўйларга солди?

Мавзуга оид