Жаҳон | 19:54 / 16.11.2017
7189
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Зимбабведаги элчихонаси визалар билан операцияларни тўхтатди

Фото: AP Photo

АҚШнинг Зимбабве пойтахти Хараредаги элчихонаси мамлакатда сиёсий беқарорлик ортида ходимлар етишмаётгани сабабли визалар билан операцияларни тўхтатишга қарор қилди.

“Харареда чекланган ходимлар таркиби сабабли консуллик бўлими 17 ва 18 ноябрда визалар билан операцияларни амалга оширмайди”, деб маълум қилинган элчихонада. Элчихонада “кейинги ҳафта бошидан виза операцияларини бажаришга қайтилишига” умид билдирилган, бироқ вазият кузатилиши маълум қилинган.

Шунингдек, элчихона АҚШ ҳукумати “Зимбабведаги вазиятдан ташвишдалигини” маълум қилган. АҚШ ҳукумати Зимбабве ҳарбий раҳбариятини “босиқлик кўрсатиш, қонунни ҳурмат қилиш, барча фуқароларнинг конституция билан ҳимояланган ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва мамлакатда барқарор вазиятни тезда тиклашга” чақирган. 

Аввалроқ ҳарбийлар мамлакат президенти Роберт Мугабенинг қароргоҳини ўз назоратларига олишгани маълум қилинганди. Кўчаларда зирҳли техника пайдо бўлган. Мугабе ЖАР президенти Жейкоб Зума билан телефон орқали суҳбатда ҳарбийлар уни уй қамоғида ушлаб туришганини айтган. Президентнинг рафиқаси Грейс Мугабе мамлакатдан чиқиб кетгани, аввалроқ истеъфога кетказилган вице-президент Эммерсон Мнангагва ҳукуматга бошчилик қилиш учун пойтахтга қайтгани маълум қилинган. 

93 ёшни қоралаган Мугабе мамлакатни 1980 йилдан бери бошқариб келган.

Мавзуга оид