Light | 17:00 / 19.11.2017
24340
3 дақиқада ўқилади

Кунни тўғри бошлаш ва тугатишга оид тавсиялар

Фото: Flickr

Ҳар куни кечқурун 15 дақиқа ва эрталаб 10 дақиқани  ўзингизга бир неча савол бериш учун ажратинг. ThriveGlobal кунни тўғри ташкил қилишга доир тавсиялари билан бўлишди.

Куннинг бошланиши

1. Кечаги кундан бери қандайдир муҳим воқеа рўй бердими?

Баъзи воқеа ё ҳодисалар кундалик режаларингизни қайта кўриб чиқишга мажбур қилади. Масалан, ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз ёки яқинларингиз бетоб бўлиб қолишса, графикни қайта кўриб чиқишга тўғри келади.

Фақат дарҳол почтани текширишга киришманг. Ўйлаб кўринг, қандайдир бир хат ҳақиқатда кунингизга катта  таъсир кўрсатиши мумкинми? Бевосита иш билан боғлиқ хабарларнигина кўздан кечиринг. Бутун почтани саралашга вақт кетказмай, фақат эрталабга режалаштирилган хабарларни кўриб чиқинг.

2. Нима қилиш керак?

Кечқурун эртаси куни қилишингиз керак бўлган ишлар рўйхатини кўздан кечиринг. Зарурат туғилган тақдирда, уни тўлдиринг ёки қисқартиринг.

3. Ҳозирнинг ўзида нимадан бошлаш керак?

Бир вазифани танлаб, бутун диққатингизни шунга қаратинг. Уч вазифани ҳаминқадар бажаргандан кўра бир вазифани яхшилаб бажаринг.

Кун охири

1. Кун давомида нимага эришдингиз?

Нима қилганингиз ва нимага эришганингизни ёдга олинг. Ҳаёт — кичик қадамлар кетма-кетлиги, агар кичик ғалабалардан қувонмасангиз, катталари томон қадам ташлаш қийинроқ бўлади.

2. Ҳозирнинг ўзида нимадир қилиш керак эмасми?

Баъзан ниманидир бажаришни унутганлик туйғуси ишни бир четга суриб, дам олишга халақит беради. Ёддан чиқарилган ишни аниқлаш учун кирувчи почтангиз ва ишлар рўйхатини текширинг. Кейин уни эртангига қолдирсангиз, нима бўлиши ҳақида ўйлаб кўринг.

3. Бугун улгурмаган ишингизни қачон қилиш керак?

Кун давомида яқин келажакда бажариш керак бўлган кўп ишлар пайдо бўлиши мумкин, бироқ бу уларга ҳозирнинг ўзидаёқ киришиш кераклигини билдирмайди. Уларни эртангига ёки бошқа аниқ бир муддатга режалаштиринг, бугун эса улар ҳақида ўйламасликка ҳаракат қилинг.

Агар бугун бошлаган ишингизни тугата олмаган бўлсангиз, қаерда тўхтаганингизни ва кейинги қадам қандай бўлиши кераклигини белгилаб қўйинг. Шунда эртасига ишни давом эттиришингиз осон бўлади.

Мавзуга оид