Жаҳон | 08:46 / 20.11.2017
7798
3 дақиқада ўқилади

Араб давлатлари лигаси: Эрон минтақани “жарликка итармоқда”

Фото: AP

Эрон томондан қўшни давлатларга нисбатан юритилаётган ташқи сиёсат минтақани “жарликка итармоқда”. Бундай фикрни Араб давлатлари лигаси бош котиби (АДЛ) Аҳмад Абу ал-Ғайт АДЛ давлатлари ташқи ишлар вазирларининг Қоҳирада 19 ноябрда ўтган шошилинч йиғилишида билдирди. 

“Эрон сиёсати барча чегаралардан ўтиб, бутун минтақани жарликка итармоқда”, деб айтган ал-Ғайт. Унинг фикрича, Теҳрон халқаро ҳамжамият фикрига қулоқ солмайди ва ўз хатти-ҳаракатлари билан ҳам минтақадаги, ҳам халқаро майдондаги барқарорлик ва хавфсизликка хавф солмоқда.  

Унинг фикрича, “Эроннинг аралашуви Ямандаги барқарорсизликнинг асосий сабабидир. Ал-Ғайт Эрон томондан Ямандаги “Ансор Аллоҳ” исёнчи ҳаракатининг қўллаб-қувватланишини кескин танқид қилди. АДЛ раҳбари фикрича, ҳусийлар томондан Саудия Арабистони ҳудудига отилаётган ракеталар исёнчиларга Теҳрон томондан етказиб берилмоқда. Унинг айтишича, Эроннинг ракета дастури барча қўшни давлатларга хавф солади.

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр ҳам йиғилиш очилишида Эроннинг аралашуви Яқин Шарқ учун катта хавф солишини ва араб давлатлари бунга жиддий эътибор қаратишлари кераклигини айтиб ўтди. 

“Эроннинг аралашуви минтақани катта хатарларга қўймоқда ва биз унинг хатти-ҳаракатларига жиддий қаршилик кўрсатишимиз керак. Эрон барча халқаро тамойилларга путур етказмоқда, унинг ишлари халқаро ҳамжамиятни бу давлатни террорчилик хомийлари орасида биринчи ўринга қўйишга мажбур қилмоқда”, деб айтган ал-Жубайр.

Унинг айтишича, Эрон ракеталари билан қиролликка зарба берилиши Теҳрон томондан “тўхтамаётган тажовуз”дан дарак бермоқда. “Саудия Арабистонига ўтган давр ичида 80 дан кўпроқ ракета отилган ва Саудия Арабистони бу ҳужумларга қўл қовуштириб ўтирмайди. Бугун биз ўз миллий хавфсизлигимизни сақлаб қолиш учун Эроннинг сиёсатига қарши туришимиз керак. Эрон ҳужумларига индамаслик бирорта араб давлатини бу ракеталардан ҳимоялай олмайди”, деб қўшимча қилган Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири.    

Мавзуга оид