Ўзбекистон | 10:40 / 23.11.2017
56175
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев кореяликларга «мастер-класс» ўтди

Фото: Президент матбуот маркази

Корея Республикасига давлат ташрифини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Сеулда икки мамлакатнинг иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, етакчи ишбилармонлари иштирокидаги Жанубий Корея –Ўзбекистон  бизнес-форумида қатнашди. 

Президентнинг Корея Республикасига ташрифини ёритиш бўйича матбуот маркази «Kun.uz»га маълум қилишича, форумда Корея Республикаси бош вазирининг ўринбосари, стратегия ва молия масалалари бўйича вазир Ким Донг Ёнг ҳам сўзга чиқди. У Ўзбекистон Корея учун муҳимлигини эътироф этган.

«Ўзбекистонга ҳурмат туфайли, дипломатик протоколни бузиб, президентни кутиб олиш учун аэропортга чиқдим. Чунки, Ўзбекистон биз учун муҳим», деган вазир ўринбосари.

У Корея Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ривожланиш йўлидаги дадил ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтди. 

«Ўзбекистон раҳбарининг ниҳоятда очиқ ва самимий нутқи, Корея сармоядорлари билан ўтказган мулоқоти мени ҳайратда қолдирди. Унинг ижобий қуввати ҳар бир иштирокчи, шу билан менга ҳам кўчди. Шавкат Мирзиёев бизнесда ҳар бир жиҳатни унутмаган ҳолда икки томонга манфаат олиб келувчи ташаббусларни илгари сурмоқда. Ўзбекистон раҳбари Корея бизнес доира вакилларига мамлакат инвестицион муҳитида очиқлик ва шаффофлик сўзсиз таъминланишини таъкидламоқда. Ўтган бир йил ичида Ўзбекистондаги иқтисодий, молиявий соҳадаги катта ўзгаришларни кузатмоқдамиз. Ўйлайманки, бугун олий даражада бўлиб ўтган бизнес-форум юзлаб инвесторларга янада янги бизнес ғоялар беради. Улар ўзи учун янги, Ўзбекистон бозорини кашф қилади», деган у.

Шавкат Мирзиёев форумда қатнашаётган Ўзбекистон делегацияси вакилларига мурожаат қилган. Президент вазирлар, компаниялар, банклар ва ташкилотларнинг раҳбарларини бирма-бир тургизиб, уларга топшириқлар берган.

Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан мулоқот қилишдаги халқчил услуби мезбонларда катта таассурот қолдирган.

«Биз сиздан шундай, раҳбар ва тадбиркорлар ўртасидаги мулоқот услубини ўрганамиз. Бугун сиз бизга мастер-класс ўтдингиз», деган Корея делегацияси вакилларидан бири.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ўтган ойда Туркияга ташрифи давомида Ражаб Тойиб Эрдўған билан ўтказилган матбуот анжумани вақтида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК раҳбари Улуғбек Рўзиқуловни ўрнидан турғазиб қўйиб, топшириқлар берган ва унинг ваъдасини олганди. Шундан сўнг буни Эрдўған ҳам такрорлаганди.

Мавзуга оид