Ўзбекистон | 12:58 / 23.11.2017
32137
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекэнерго» АЖ қиш мавсумида аҳолига энергия етказиб беришни қандай режалаштирмоқда?

Фото: Ўзбекенерго

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган ҳужжатга кўра, электр энергияси баланси бўйича 2017 йил аҳолига 12 миллиард киловатт соат электр энергияси етказиб бериш режалаштирилганди. Ўтган 10 ойли давр ичида республика бўйлаб, 39,8 миллиард киловатт электр энергияси истеъмолчиларга етказиб берилган бўлиб, шундан 10 миллиард киловатт энергия аҳоли талабини қондириш учун ажратилган. Бу ҳақда «Ўзбекэнерго» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Рўзиқул Райимов KUN.UZ мухбирига хабар қилган.

Маълум қилинишича, 2017 йил декабрь ойидан то 2018 йил 1 апрель кунига қадар 2016/17 йилги куз-қиш мавсумида республика бўйлаб жами етказиб берилган электр энергия ҳажмидан 1,377 миллиард киловатт соат кўпроқ етказиб бериш мақсад қилинган. Шулардан, қишки мавсум учун тузилган режадаги тақсимотдан 500 миллион киловатт соат кўп электр энергияси аҳоли истеъмоли учун етказиб берилиши кутилмоқда.

«Энергосотиш» филиали директори ўринбосари Ботир Алимовнинг KUN.UZ'га маълум қилишича, “қишки мавсумда энергия етказиб бериш тақсимотини шакллантириш асосан уни ишлаб чиқаришга сарфланадиган ёқилғига боғлиқ“.

«Бу йил асосий эътиборни Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятига қаратмоқдамиз. Гап шундаки, аввал, Қирғизистон Республикасидан сотиб олинган электр энергияси водий аҳолисига етказиб берилган, бугунги кунда шу омил туфайли электр энергиясини етказиб беришда танқислик юз бермоқда. Шунингдек, 2017 йил 10 ой якунидаги сарҳисобга эътибор қаратсак, таҳлиллар шуни кўрсатадики, водий вилоятларида аҳоли кўп ва истеъмол сарфи ҳам нисбатан ошиқча бўлиши табиий», – дейди Ботир Алимов.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп электр энергияси Самарқанд вилояти ва водий вилоятларига етказиб берилган. 2017 йилнинг 10 ойида Самарқанд вилояти аҳолисига 216 миллион киловатт соат, Андижон вилоятига 132 миллион киловатт соат, Наманган вилоятига 134 миллион киловатт соат, Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи аҳолига эса 125 миллион киловатт соат электр энергияси етказиб берилган.

Мавзуга оид