Жаҳон | 14:30 / 03.12.2017
137675
2 дақиқада ўқилади

512 киши. Янги асрдаги энг ҳалокатли иккинчи теракт

Фото: Feisal Omar/Reuters

Сомали пойтахти Могадишо шаҳрида 14 октябрь куни содир этилган теракт оқибатида ҳалок бўлганлар сони 512 кишини ташкил этди. Бу ҳақда ушбу ҳужум оқибатларини текширган қўмита маълумотида келтирилган.

Расмий маълумотларда ушбу теракт оқибатида 312 киши ҳалок бўлгани ва 62 киши бедарак кетгани айтилганди.

Associated Press агентлиги ҳам қурбонлар сони қариб икки баробар ортгани ва 512 кишини ташкил қилгани ҳақида хабар тарқатди.

Нашр 14 октябрь кунги теракт 2001 йил 11 сентябридан кейин жаҳонда рўй берган энг йирик теракт бўлганини алоҳида қайд этган.

14 октябрь куни Могадишода одамлар гавжум жойда портловчи қурилмалар ортилган юк машинаси портлатилди. Портлаш яқинида бензовоз ҳам бор эди ва бу теракт оқибатларини янада кучайтирди. Республика президенти Муҳаммад Абдуллоҳи Муҳаммад Сомалида уч кунлик мотам эълон қилди.

Ушбу теракт учун жавобгарликни ҳеч ким ўз зиммасига олмади, аммо бу Сомалида ҳаракатланувчи «Ал-Шабааб» гуруҳи томонидан содир этилган бўлиши мумкин. Сомалида ҳукумат биноларига тез-тез ҳужум қилиб турадиган бу гуруҳ «Ал-Қоида» билан яқин алоқаларга эга ҳисобланади. 2015 йилнинг ёзида жангариларнинг бир қисми ИШИДга қасамёд қилганди.

Мавзуга оид