Фан-техника | 23:28 / 04.12.2017
3893
2 дақиқада ўқилади

Google ўз объектларини тўлиқ тикланувчи энергияга ўтказди

Фото: Christian Hartmann/Reuters

Google компанияси ўз корхоналарини тўлиқ тикланувчи энергияга ўтказди. Бу ҳақда компаниянинг твиттердаги саҳифасида маълум қилинди. 

Таъкидланишича, компания корхоналари томондан истеъмол қилинувчи умумий энергия 3 гигаваттни ташкил қилади. 

Тикланувчи энергия тугалланмайдиган манбалардан олинадиган энергия ҳисобланади. Бунда энергияни табиий захиралардан, мисол учун қуёш нури, сув ёки шамол оқимларидан олиш мумкин. 

Google бундай энергияни қўллашни 8 йил аввал бошлаган. Ўшанда компания Айовадаги қуёш фермаси билан 114 МВт энергия учун келишув имзолаган. Компания маълумотларига кўра, электр энергия нархи бу йиллар давомида арзонлашган ва компания шу туфайли барча объектларини тикланувчи энергияга ўтказишга қарор қилган.  

Яқинда компания учта шамол станцияси билан энергия етказиб берилиши бўйича шартномалар имзолади. Компаниянинг соф энергетика соҳасига инвестициялари миқдори 3,5 млрд долларга етган.

Бироқ Google соф энергиядан фойдаланувчи ягона компания эмас. Мисол учун, Amazon’да Техас штатида ўрнатилган 100 тадан кўпроқ шамол турбинаси мавжуд.

 

Мавзуга оид