Жаҳон | 09:25 / 05.12.2017
8002
2 дақиқада ўқилади

Россиялик миллиардер Керимов Францияга 750 млн еврогача пул олиб киришда айбланмоқда 

Фото: b1.m24.ru

Франция томондан пул ювишда ва солиқлар тўлашдан бош тортишда айбланаётган россиялик сенатор, миллиардер Сулейман Керимов Францияга 500 млн дан 750 млн еврогача пул олиб киришда айбланмоқда. Бу ҳақда Ницца прокурори Жан-Мишел Претрга иқтибос келтирган ҳолда "Вен минют" француз газетаси хабар бермоқда. 

“Францияга 500 млн дан 750 млн еврогача пул олиб кирилган. Бундан мақсад пул ювиш бўлган. Керимов солиқ идораларига Францияга олиб кирилган миллионлаб евролар ҳақида маълум қилишни эсдан чиқарган. Гап нафақат нақд пул, балки бир ҳисоб рақамидан иккинчисига пул ўтказиш ҳақида кетмоқда”, деб айтган прокурор.

Претрнинг айтишича, Францияга ушбу иш доирасида “катта миқдорда пуллар” ўтказилганини исботловчи ҳужжатлар мавжуд. “Пуллар кўчмас мулк харид қилишга сарфланган. Бу операциялар қиймати реал қийматларга нисбатан кулгили даражада кичик бўлган”, деб тушунтирган прокурор.

"Вен минют"нинг маълум қилишича, айни вақтда ушбу иш доирасида тахминан 10 кишига айблов эълон қилинган.

Керимов 20 ноябрда Ницца аэропортида ушланиб, полиция бўлимига етказилганди. Франция суд идоралари Керимовни 5 млн евро гаров пули эвазига озодликда қолдиришга рози бўлишган. Керимов Франция мутасадди идораларига паспортини бериши ва Денгизбўйи Альплари департаменти ҳудудини тарк этмаслиги керак.

Мавзуга оид