Жаҳон | 16:15 / 05.12.2017
10359
2 дақиқада ўқилади

Саакашвили 5 йилга қамалиши мумкин

Киевдаги уйида қўлга олинган Грузиянинг собиқ президенти ва Одесса областининг собиқ губернатори Михаил Саакашвили айбланаётган моддага кўра, айбланувчига 3 йилдан 5 йилгача қамоқ жазоси тайинлаш кўзда тутилган.

Бугун, 5 декабрь куни эрталаб Украина Хавфсизлик хизмати ходимлари Саакашвилининг квартирасига тинтув учун келишди. Уни 3 декбарь куни ташкиллаштирилган маршни молиялаштирганликда гумон қилишмоқда.

УХХ ходимлари квартирага келишганида Саакашвили 8 қаватли бино томига чиқиб олди ва ўзини пастга ташлаш билан таҳдид қилди. Кейинроқ у қўлга олинди ва тергов учун олиб кетилди.

Хавфсизлик хизматидагилар Саакашвили Украина Жиноят Кодексининг 256-моддаси 1-қисми (жиноий ташкилот фаолиятида иштирок этиш ва унинг фаолияти ҳақидаги маълумотларни яшириш) бўйича қўлга олинганини маълум қилишди. Бу модда учун 3 йилдан 5 йилгача қамоқ жазоси қўлланиши белгиланган.

Украина фуқаролигидан маҳрум этилган Саакашвили 10 сентярь куни тарафдорлари кўмагида Польшадан келиб чегарани бузиб ўтганди. Суд уни чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айблаб, 130 доллар миқдорида жаримага тортганди.

Саакашвили Грузияни 2013 йил ноябрида, янги президент Георгий Маргвелашвили лавозимига киришгач, тарк этганди. Грузия бош прокуратураси уни бир неча жиноий ишда айблаган.

Бундан аввалроқ Украинадаги "Страна" нашри ўз манбаларига асосланган ҳолда Украина ҳукумати Саакашвилини мамлакатдан чиқариб юбормоқчилиги ҳақида хабар тарқатганди. Саакашвили эса Грузияга депортация қилинишини имконсиз деб ҳисоблайди.

3 декабрь Киевда Михаил Саакашвили ва «Рух новых сил» партияси ташаббуси билан марш бўлиб ўтганди. Унда 2,5 минг киши иштирок этди. Фаоллар Украина президенти Петро Порошенконинг истеъфосини талаб қилишганди.

Саакашвили Порошенкони давлат душмани деб атади ва Украина фуқароларини мамлакатдаги олигархлар диктатурасини ағдариб, унинг ўрнига «ўрта синф диктатурасини» ўрнатишга чақирганди.

Мавзуга оид