Ўзбекистон | 18:40 / 07.12.2017
40416
2 дақиқада ўқилади

2 000 долларгача бўлган суммани олиб чиқиш ва олиб киришда мажбурий декларация бекор қилинди

Фото: Getty Images

Президентнинг Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ижтимоий тармоқдаги Ҳуқуқий ахборот каналида хабар берилган.

Унга кўра, 2018 йил 1 январь кунидан бошлаб жисмоний шахслар томонидан эквиваленти 2 000 (икки минг) АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ёки Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетишда ёзма равишда мажбурий декларация тақдим этиш тартиби бекор қилинди.

Шунингдек, жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиб кетиши эквивалентда 5 000 (беш минг) АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган сумма доирасида ҳеч қандай рухсатномаларсиз амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Рухсат этилган суммадан ошиқ маблағни мамлакат ҳудудидан олиб чиқиш учун Марказий Банк рухсатномаси талаб этилади. 

Белгиланган суммадан ортиқча маблағни олиб чиқиб кетиш: 

резидентлар томонидан – Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг рухсатномаси асосида; 

норезидентлар томонидан – Ўзбекистон Республикасига кириш чоғида тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида амалга оширилади, декларацияда нақд хорижий валюта суммаси олиб чиқиб кетиладиган нақд хорижий валюта суммасидан кам бўлмаган миқдорда кўрсатилади. 

Норезидентлар – республикада белгиланган тартибда ташкил қилинган мусобақалар, танлов ва олимпиадаларнинг совриндорлари ёки қатнашчилари томонидан белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валюта олиб чиқиб кетилаётганда нақд хорижий валюта олинганлигининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат улар томонидан ушбу нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун асос бўлади. ​

Мавзуга оид