Иқтисодиёт | 09:16 / 09.12.2017
54527
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон олтин конларини қидириш учун тўртта инвесторни жалб этди

Фото: Country Detail

Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар бўйича давлат қўмитаси 2017 йилда ўнта олтин қазиб олинувчи конлар ҳудудларини ўзлаштириш истиқболларини ўрганиш учун тўртта хорижий компанияни жалб этди, деб хабар берди РИА Новости қўмита раиси Бобир Исломовга таянган ҳолда.

Бу ҳақда у Тошкентда бўлиб ўтган Uzgeoinvest-2017 халқаро конференцияси давомида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, у Канаданинг B2Gold, Британиянинг NordGold, Туркиянинг TUMAD ва Жанубий Кореянинг Shindong Resources’си билан шундай шартномаларни имзолаган.

Қўмита раҳбари таклиф этилган ҳудудлардаги олтиннинг эҳтимолий захираларини маълум қилмади, бироқ, уларнинг тадқиқотлари учун жами инвестициялар миқдори тахминан 8 млн долларни ташкил қилиши мумкинлигини айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, бу икки йилга мўлжалланган шартномалар бўлиб, ундан сўнг инвесторлар ўз тадқиқотлари асосида лойиҳанинг кейинги босқичлари - конларни ўзлаштириш, қазиб олувчи ва қайта ишлаш қувватларини қуриш ҳақида қарор қабул қилиши керак.

«Инвесторлар дастлабки тадқиқотларни лицензиясиз ўтказиши мумкин, бу технологиялар ва хорижий компанияларни жалб қилиш бўйича ишларни тезлаштиради», - дея таъкидлаб ўтган Исломов.

Давлат қўмитасининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати қимматбаҳо металлар бўйича 31 та истиқболли ҳудуд ва 12 та кондан иборат рўйхатни тасдиқлади. Захиралар бўйича прогноз - 151 тонна олтин ва 1,2 минг тонна кумуш.

Мавзуга оид