Жаҳон | 09:22 / 11.12.2017
50575
3 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг кўп қурол сотувчи мамлакатлари – АҚШ ва Россия

Фото: CNNMoney

Жаҳон майдонида келишмовчилик ва зиддиятлар тобора кучайиб ҳамда кўпайиб бораётгани, уларнинг қуролли ҳаракатларга айланиб кетиш хавфи ортаётгани қурол-яроғлар савдоси авж олишига туртки бермоқда. Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқот институти – Stockholm International Peace Research Institute (SIPRI)нинг бу йилги ҳисоботи шундай фикрни таъкидламоқда. 

Дунёнинг 100 та қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи компаниялари томонидан сотилган қуроллар ва кўрсатилган ҳарбий хизматлар ҳажми 2016 йилда 2015 йилга нисбатан 1,9 фоизга ўсди. АҚШ ва Россия бу борада қуроллар сотиш миқдорини оширди. Стокгольм институти жаҳоннинг 100 та йирик ҳарбий-саноат компанияси рейтингини эълон қилди. 

Таҳлилчиларнинг қайд этишларича, 2016 йили сўнгги беш йилда илк бор савдо ҳажми кўтарилган. Америка компаниялари умумий қурол-яроғлар савдосида ўз улушини 4 фоизга яхшилаб олган. АҚШнинг жаҳон қуроллар савдосидаги умумий улуши эса, 57,9 фоизни ташкил этмоқда ва ҳамон биринчи ўринни эгаллаб турибди. Ғарбий Европа давлатлари ҳам қуроллар савдосини 0,2 фоизга оширишнинг уддасидан чиқишган. Рейтингга киритилган Россия компанияларининг 2016 йилдаги улуши 3,8 фоизга ўсган, бироқ экспертлар ўсиш суръати секинлашганини таъкидлашган. 
Умуман олганда Россиянинг жаҳон қурол-яроғлар савдосидаги улуши 7,1 фоизни ташкил этмоқда.

Тадқиқотчилар бунда "янги ишлаб чиқарувчилар" тоифасига киритган компанияларга ҳам эътибор қаратган. Улар асосан Бразилия, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Туркияда жойлашган. Ўсаётган бозорлар рўйхатини Жанубий Корея ишлаб чиқарувчилари 20,6 фоизлик кўрсаткич билан бошқариб бормоқда.

Фото: CNNMoney

Умуман олганда, 2016 йил якунларига доир рейтингда ҳам аввалги йилларда бўлгани каби АҚШ ва Ғарбий Европа мамлакатлари компаниялари етакчилик қилмоқда. Рўйхатдаги 100 компаниянинг 63 таси айни минтақаларга тўғри келади. Россия компаниялари сони 11 тадан 10 тага камайган. 

Рўйхатни бир неча йил мобайнида Американинг Lockheed Martin концерни эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда АҚШнинг яна бир компанияси – Boeing боряпти. Етакчи учликни айни мамлакатнинг Raytheon фирмаси якунламоқда. 

Мавзуга оид