Ўзбекистон | 12:16 / 11.12.2017
12260
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонга контрабанда электр ҳисоблагичларни олиб кирмоқчи бўлишди

Фото: Кабар

Қирғизистонлик уч шахс Ўзбекистонга контрабанда электр ҳисоблагичларни олиб ўтишга уринди. Бу ҳақда Қирғизистон Давлат божхона хизмати матбуот хизмати хабар берган.

Хабарга қараганда, 10 декабрь куни Боткен вилоятининг Қадамжой туманидаги Пилдирак назорат-ўтказиш пунктидан ташқарида Ойдаркент чегара отряди чегарачилари Қирғизистоннинг уч фуқаросини қўлга олишди. Улар Қирғизистондан Ўзбекистонга контрабанда юкини олиб ўтишга ҳаракат қилишгани айтилмоқда.

Қадамжой туманининг Доочар қишлоғида яшовчи шахслар Hyundai Porter маркали автомашинада 160 тадан кўпроқ электр ҳисоблагичларни олиб ўтишга уринишган. Дастлабки маълумотларга кўра, контрабанд юкининг қиймати 300 минг сомдан ортиқни ташкил қилади.

Қўлга олинган шахслар давлат чегараси режимини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка ва ҳар бири 3 минг сомлик жаримага ҳам тортилди. 

Қонунбузарлар ва контрабанда юки тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг Давлат божхона хизмати ходимларига топширилди.

Мавзуга оид