Фан-техника | 09:07 / 11.12.2017
22182
3 дақиқада ўқилади

Шахмат ўйнашни билмайдиган сунъий онг энг кучли шахмат дастурини доғда қолдирди

Фото: Muropaketti.com

AlphaZero сунъий онг тизими 4 соат давомида дунёдаги энг кучли шахмат дастури Stockfish 8’ни мағлуб этди. Ажабланарлиси, тизим Stockfish 8 билан ўтказилган мусобақадан олдин шахмат ҳақида деярли ҳеч нарса билмаган, у фақатгина доналар қандай юра олишидан хабардор бўлган.

Энди AlphaZero сайёрамизнинг энг кучли “шахматчиси”га айланди. Deepmind компанияси томондан яратилган ушбу тизим мусобақада ўйналган 100 та партиядан бирортасини ютқазмади.

AlphaZero япон ўйини го бўйича энг зўр инсон-ўйинчиларни юта олган AlphaGo дастурини 100 марта қаторасига мағлуб эта олган AlphaGo Zero сунъий онгининг модификациялашган версияси ҳисобланади.

AlphaZero тизими AlphaGo Zero каби ишлайди, бироқ го ўйини ўйнаш ўрнига шахмат ва яна бир япон мантиқий ўйини – сёгини ўйнашга дастурлаштирилган. 

AlphaZero бу даражага четдан ёрдам олмасдан эриша олди. Аввалги шахмат дастурларидан фарқли, унда ўйналган партиялар архивлари сақланган базалар, шахмат стратегияси ва доналар ҳақида ҳеч қандай маълумот бўлмаган. У шунчаки доналар қандай юриши ва ўйин мақсадини билган, холос. 

AlphaZero 4 соат ичида шахмат ўйнашни ўрганиб олди, деган фикрга келиш мумкин. Аниқроғи тизим 4 соат ичида шахмат бўйича мутлақ чемпион бўлишни ўрганиб олган. Мусобақа бошланганда, сунъий онг фақатгина доналар қандай юра олишини билган. У қўллаб-қувватлаш алгоритми, нейротармоқ билан “қуролланиб”, ўзи билан ўзи ўйнай бошлаган ва партия сайин малакаси ошиб борган. Агар инсон тушунчасидаги вақт билан ўлчанса, у шу 4 соат ичида гўёки 1400 йил шахмат ўйнагандек бўлган. Тизим бир сонияда 800 мингта позицияни қайта ишлаши мумкин, Stockfish 8 эса бир сонияда 70 миллионта юришни амалга ошира олади.

AlphaZero шу тариқа 8 соат ичида AlphaGo’ни го ўйини бўйича, 2 соат ичида эса сёги бўйича энг кучли дастур ҳисобланган Elmo’ни доғда қолдиришга муваффақ бўлди. 

Мавзуга оид