Жаҳон | 20:30 / 13.12.2017
6281
2 дақиқада ўқилади

АҚШда номаълум шахс ўзгаларнинг 40 минг долларлик харидларини тўлаб берди

Фото: Getty Images

АҚШнинг Пенсильвания штатида номаълум шахс Wallmart супермаркетида ўзгалар томондан олиниб, бироқ пули тўланмагани сабабли четга олиб қўйилган 40 минг долларлик товарларнинг пулини тўлаб берди. Супермаркет ходимларининг таъкидлашларича, у бу хотамтойлиги билан 200 оилани хурсанд қилган.  

Супермаркет ходимлари харидни кейинга қолдирган мижозларга телефон қилиб, уларнинг харидлари пули тўлаб берилгани ва уларни олиб кетишлари мумкинлигини маълум қилишган. Маҳаллий фуқаролардан бири Кристен Мартиннинг айтишича, у харидга пул тўлай олмагани учун дўкондан уйига жуда асабий қайтган. Унинг таъкидлашича, кўпчилик байрам вақтида молиявий қийинчиликларга дуч келади.

“Декабрда ҳақиқатан катта суммадаги ҳисоблар келди. Менга сув учун 800 долларлик ҳисоб келди ва шу сабабли мен харидларнинг бир қисмини кейинга қолдиришимга тўғри келганди”, деб эсламоқда Мартин.

Супермаркет ходимаси Барбара Карнснинг айтишича, у бу ердаги 20 йиллик фаолияти давомида “бундай хотамтойликни ҳали кўрмаган”.  

“Бу ҳудудда бундай воқеалар унча кўп бўлмайди. Албатта, кимдир баъзида ўзгаларнинг маҳсулотлари ёки майда-чуйда буюмлари пулини тўлаб беради, бироқ ҳали бундай йириги бўлмаган”, деб айтди Карнс.

Ўтган йил ҳам бу дўконда номаълум кимса ўзгалар хариди пулини тўлаб берган. Буни ким қилганини ҳеч ким, ҳаттоки дўкон ходимлари ҳам билишмайди. Шунингдек, бу гал ҳам ўша одам бўлганми ёки бошқаси - номаълум. Дўкондагилар бу хотамтойни “Санта Б” деб аташади.

Мавзуга оид