Ўзбекистон | 23:30 / 13.12.2017
30913
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қирғизистонга қандай ёрдам бера олиши мумкинлигини айтди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қирғизистонга қандай ёрдам бера олиши мумкинлиги ҳақида гапирди. У бу ҳақида қўшни давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков билан кенгайтирилган тартибдаги музокаралар чоғида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигидаги асосий йўналиш ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кенгайтириш ҳисобланади.

Томонлар йиллик савдо айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказишни мақсад қилишган.

Музокарада таъкидланганидек, бу кўрсаткич икки мамлакатнинг мавжуд имкониятларини тўлиқ акс эттирмайди. Ўзаро товар айирбошлаш номенклатурасини диверсификация қилиш ва яқин йилларда унинг ҳажмини 500 миллион долларга етказиш бўйича топшириқлар берилди. 

Ташқи савдо инфратузилмаси ва экспорт-импорт операцияларини қўллаб-қувватлаш механизмларини фаол ривожлантириш, қўшма савдо уйлари очиш, бизнес-форумлар ва миллий саноат маҳсулотлари кўргазмаларини ўтказиш зарурлиги таъкидланди. 

Қирғизистон Президентининг расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси ва бизнес-форум ташкил этилгани, ишбилармон доиралар вакилларининг музокаралари ўтказилгани ва уларда икки мамлакатдан кўплаб тадбиркорлар иштирок этгани, қарийб 140 миллион долларлик шартномалар имзолангани савдо-иқтисодий муносабатлар жадал ривожланаётгани тасдиғидир. 

«Биз чегараларни очишимиз туфайли юзага келган имкониятлардан фойдаланган ҳолда савдо соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришимиз керак. Икки мамлакатда ҳам эркин савдо ҳудудлари мавжуд. Ўзбекистон Қирғизистонга кенг турдаги маҳсулотларни етказиб беришга тайёр.

Ўзбекистон банклари экспортни молиялаштириш учун 100 миллион доллар ажратишга тайёр. Бу биз ҳамкорлик истаётганимизни англатади. Чегара ҳудудларда имкониятлардан фаол тарзда фойдаланишимиз керак. Ўш вилоятида савдо мажмуаси ташкил этиш бўйича таклиф бор. Биз бунга қарши эмасмиз. Менимча, буларнинг барчасини кўриб чиқишимиз, барча ишни тоза қилишимиз ва сотишимиз керак. Товар айирбошлаш ҳажми ошиши учун имкон қадар барча имтиёзларни кўриб чиқамиз», — деган Ўзбекистон президенти.

Мавзуга оид