Жамият | 15:20 / 14.12.2017
26266
5 дақиқада ўқилади

Ажратилган маблағлар қаерга йўқолди? Юнусободдаги аҳоли қиш совуғида қолди

Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани 13 мавзедаги 23-уйда йўлак деразаларининг ромлари ўрнатилмагани боис аҳоли изғирин совуқдан ва иситиш тизимининг яхши ишламаслигидан азият чекмоқда. Бу ҳақида Кun.uz мухбирига 23-уйдаги хонадонларнинг бирида яшовчи Наргиза Қосимова маълум қилди.

Вазиятни ўрганиш ва аҳолининг эътирозини тинглаш мақсадида Кun.uz фотомухбири турар-жойга ташриф буюрди.

«Биз бу муаммони ҳал қилиш учун кимга мурожаат қилиш кераклигини сўраганимизда, Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари «Ҳаммаси жойида, шарт эмас, ҳал қиламиз», деб кўнглимизни пуч ёнғоққа тўлдиради. Ёзда барча уйга янги акфа ромлари ўрнатилди. Фақат бизнинг уйга ромлар ўрнатилмади. Ҳозир эса қаҳратон қишда ромдан эсаётган совуқ шамол бизнинг саломатлигимизга ўз таъсирини ўтказмоқда», дейди нафақахўр Саида Раҳимова. 

Шу ўринда савол туғилади. Наҳотки, аҳоли шу вақтгача маҳалла оқсоқоли ёки уй-жой коммунал хизматлари вакилига мурожаат қилмаган? 

«Албатта, мурожаат қилдик. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раисининг айтишича, қолган ромларни ўрнатишга банкда етарли пул қолмаган эмиш. Лекин атрофимиздаги ҳамма уйга янги ромлар қўйилиб, айнан бизнинг бино қолиб кетгани жуда ҳам ғалати ҳолат. Очиғини айтсак, биз гапиравериб чарчадик. Ҳозир нафақахўрмиз. Коммунал хизматлари учун тўловни ҳар ой ўз вақтида топширамиз. Лекин нима учун уйимда совуқдан музлаб ўтираман-у, иссиқлик учун коммунал тўловни тўлашим керак? Наҳотки, бу адолатдан бўлса?», дейди 23-уйнинг яна бир истиқоматчиси Вера Довенько. 

Биз мазкур масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раисининг хонадонига ташриф буюрдик. Юнусобод тумани 13-мавзенинг ЖЭК раиси Ҳожинисо Турсунова бизнинг мурожаатимизга қуйидагича жавоб берди: 

«Шартнома асосида уйларга 108та ром ажратилган. Шу ромлардан 54таси ўрнатилган, қолгани эса ўрнатилмади. Сабаби, қурилиш учун бириктирилган пудратчи Ғулом исмли йигит йўқолиб қолди. Кейин эса кредит олинган банкка мурожаат қилдим. Банк таъсисчиларига пудратчини топиб беришларини сўраб, илтимос қилдим. Сўнгра Юнусобод тумани прокуротурасига ариза ёздим. Ҳозир прокуратура пудратчини ва унинг таъсисчисини қидирмоқда. Умид қиламанки, тез орада бу муаммо ўз ечимини топади». 

Аҳоли вакилларининг таъкидлашича, Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари уйларнинг ромларини янгисига алмаштириш учун банкдан катта миқдорда маблағ олган. Бироқ кўп қаватли турар-жойларнинг ҳаммасига ромлар ўрнатилмаган. Бу эса, ўз навбатида, 23-уйда истиқомат қилувчи кишиларнинг норозилигига сабаб бўлган. 

«Мана кўриб турганингиздек, уйда ромлар йўқ, асфальт ҳолати эса аянчли кўринишда. Иситиш тизимлари эса умуман ишламайди. Ертўламизга тушсангиз, қўрқиб кетасиз. Барча нарса қўл учида, кўзбўямачиликка қилинади. Иситиш тизими яхши ишламаганидан уйимиз совиб, набираларим касал бўлиб қолишди. Ҳар доим шу аҳвол. Катта ваъдалар берилади, лекин амалда ҳеч нарса йўқ. Дом бўйича, ҳаттоки битта ҳам сантехник йўқ. Сантехникни ўзимизни пулимизга чақирамиз. Ертўлага уста чақирсак, эшикларини очишдан бош тортишади. Лекин нима учун? Қачонгача бу аҳвол давом этади. Биз 1971 йилдан бери шу ерда яшасак, Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси ҳали ҳам отдан тушса-да, эгардан тушмайди. Балки ёшларга ўрин бўшатиб бериш даври келгандир?», дейди набираларининг соғлиғи ҳақида қайғурган Умида Хўжаева. 

«Бу масалани Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари ҳал қилмаганидан сўнг, порталга мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Шу вақтга қадар, икки марта порталга хат ёздим. Лекин ҳеч қандай жавоб, натижа йўқ. Биз коммунал хизматлар учун нега тўловни амалга оширамиз? Бизнинг тўловдан уйимиз учун ҳеч қандай харажатлар қилинмайди. Шунча маблағ қаерга кетади, ҳайронмиз. Бизнинг мақсадимиз - кимнидир ёмон кўрсатиш ёки можаро бошлаш эмас, ўз маҳалламизни, уйимизни кўркам қилиш, кўчалардан юрганимизда баҳри дилимиз очилишини истаймиз», дейди Наргиза Қосимова. 

Маълум бўлишича, авваллари махсус текширув комиссияси маҳаллий аҳолига кредитлар нимага сарфлангани ҳақида баёнот бериб келган. Бироқ фуқаролар айни дамда ҳеч қандай ревизион коммиссия ҳам, йиғилиш ҳам ташкил этилмаганини билдиришди.

Биз тегишли идораларнинг 23-уйда яшовчи аҳолининг мурожаатига жавоб беришни ва мавжуд муаммо ўрганиб чиқилиб,  энг қисқа вақт ичида ҳал этилишини сўраб қоламиз.

Мавзуга оид