Фан-техника | 17:34 / 15.12.2017
7167
3 дақиқада ўқилади

Хитой сув тозаловчи супербактерия ишлаб чиқармоқда

Фото: Ozone Pure Water

2015 йилда оқава сувларга нисбатан қатъий қоидалар кучга кирди. Улар чиқиндиларни тартибга солиш, тозалаш технологияларини жорий қилишни рағбатлантириш ва экология қоидаларини бузганлик учун жарималарни ошириш кабиларни ўз ичига олади. Бу чоралар шундоқ ҳам ер нархи ва ишчи кучининг қимматлашганидан зарар кўраётган Хитой корхоналари учун ортиқча ташвиш бўлди. Компаниялар инқирозни четлаб ўтиш мақсадида ишлаб чиқаришни автоматлаштириши ёки янги тозалаш технологияларига мурожаат қилиши керак. 

Ифлослантирувчи воситаларнинг энг асосий манбаларидан бири Хитой тўқимачилик саноати ҳисобланади. У арзон кийимларни ишлаб чиқаради, бироқ бунинг эвазига кенг кўламли ифлосланиш юзага келади. Жамоатчилик босими остида H&M, Zara, Nike ва Adidas каби жаҳоннинг етакчи брендлари сув сифати стандартларини қабул қилишган ва 2020 йилга бориб, хавфли кимёвий моддалар чиқиндилари кўрсаткичини нолга тенглаштиришга эришишни режалаштиришган. Бироқ истеъмолчилар учун нархларни оширмай, бунга эришишнинг иложи йўқ. 

Бактериялардан фойдаланиш ҳал қилувчи қарор бўлиши мумкин. TAL компанияси матоларни ювишда кимёвий моддалар ўрнига микроорганизмларни қўллади ва бу чиқиндиларни 80 фоизга қисқартирди. Компания аввал бактерияларни бошқа лабораторияларда сотиб олган, бироқ ўтган йили ДНКни  тартибга солишга асосланган ва "супербактериялар"ни топишга йўналтирилган, нарх ва самара бўйича муқобилларни ортда қолдирувчи шахсий тадқиқот дастурини йўлга қўйди. 

Тадқиқотчилар икки йил ичида муваффақиятга эришишмоқчи. Шундан сўнг улар ишланмаларини бошқа компаниялар билан бўлишишади. Бундай қарор айни муддао бўлади, зеро аксарият ишлаб чиқарувчиларда сув тозалаш тизимларини ўрнатиш ва модернизация қилишга етарли маблағ йўқ. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, уларнинг кўпчилиги янги талаблардан анча зарар кўрмоқда ва ёпилиш хавфини ҳис қилмоқда. 

Хитой чиқиндиларни муаммо деб ҳисоблайди, лекин тўғри ёндашув уларни қимматбаҳо хомашёга айлантириши мумкин. Масалан, Toyota қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан электр энергияси ва водород ишлаб чиқармоқчи. 

Мавзуга оид