Иссиққина чойга нима етсин. Чойнинг яна бир шифобахш хусусияти аниқланди
Кунига жуда бўлмаса бир пиёла иссиқ чой ичиш кўз кўрмай қолишининг сабабларидан бири бўлган – глаукома касаллигининг ривожланиши эҳтимолини сезиларли камайтириши аниқланди. Бу ҳақда British Journal of Ophthalmology журналидаги мақолада айтилган.
“Афсуски, биз респондентларимизнинг қандай чой – кўк ёки қора чой ичганларини, улар чойни қанча вақт дамлаб қўйганларини, чой билан бирга қанд ёки ширин таъм берувчилар истеъмол қилган-қилмаганларидан бехабармиз. Умуман олганда, бу ичимликни хуш кўрувчилар глаукомадан иссиқ чойни ёқтирмайдиганлардан камроқ азият чекадилар”, деб ёзган Калифорния университети ходими Анна Колеман.
Колеман бошчилигидаги олимлар жамоаси 2005 йилдан 2012 йилгача давом этган, овқатланиш ва саломатликни кузатиш дастурида иштирок этган 10 мингга яқин тиббий ходимнинг ҳаётини кузатиб, шундай хулосага келишган.
Лойиҳа иштирокчилари нафақат мунтазам равишда таҳлиллар топшириб, соғлиқларини тўлиқ текширтириб туришган, балки нима ейиш-ичишлари, қанчалик яхши ухлашлари ва ҳаётларидаги бошқа тафсилотларни гапириб беришган. Улардан бир қисми кузатувларгача ва ундан кейин кўз туби ва пардаси синовларидан ўтганлар.
Олимлар бу маълумотларни ўрганиб, қаҳва, газли ёки бошқа салқин ичимликлар истеъмол қилувчилар эмас, балки тез-тез иссиқ чой ичувчилар ҳаётларининг кейинги йилларида глаукомадан камроқ азият чекканларини аниқлаганлар.
Умуман олганда, тадқиқотдан ўтган тиббий ходимларнинг 5 фоизи ҳаётларининг кейинги йилларида глаукомага учраганлар ва улар ҳар куни бир финжондан қора ёки кўк чой ичишганда, бу касалликка учрашлари эҳтимоли деярли 75 фоизга камайган.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, чойнинг кўзлар саломатлигига ижобий таъсири унда катта миқдорда антиоксидантлар борлиги билан боғланган. Бу моддалар кўзда кимёвий тажовузкор молекулаларнинг тўпланиши оқибатида кўз ҳужайраларининг оммавий нобуд бўлиши жараёнини секинлаштиради. Чойдаги флавоноидлар эса кўзни кислород ва озиқа моддалари билан таъминловчи қон томирларини кенгайтиради ва бу ҳам кўз равшанлигининг барвақт сусайиши олдини олиши мумкин.
Қизиғи шундаки, тиббий ходимларга фақатгина иссиқ чой шундай ижобий таъсир қилган. Чой ичимликлари ва салқин чойлар ҳамда қаҳва ҳозирча номаълум сабабларга кўра глаукоманинг авж олишига ҳеч қанча таъсир қилмаган. Олимларнинг умид қилишича, улар келгусида бунинг жавобини топишга муваффақ бўладилар.
Глаукома – кўриш қобилиятининг йўқолишига олиб келувчи касаллик бўлиб, унда кўз ичида босимнинг кўтарилиши сабабли кўз пардаси ҳужайралари емирилиши юз беради, кўзнинг кўриш нервлари ўз хусусиятини йўқотади, кўриш сигналлари эса мияга келмай қолади. Бунинг оқибатида инсон яхши кўрмай қолади.
Мавзуга оид
13:31 / 14.05.2024
Ейдиган овқатларимиз, иссиқ чой саратонга сабаб бўладими?
18:15 / 09.03.2020
«Вақтида даволанмаса, кўзи ожизликка сабаб бўлади». Глаукома – қандай касаллик?
19:17 / 09.03.2019