Ўзбекистон | 15:09 / 16.12.2017
56359
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Қорақалпоғистонда. Фермерларга янги топшириқ, томорқага оид муҳим янгилик ва 1 млн долларлик сармоялар

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллари билан учрашув ўтказди. Унда шу кунгача бажарилган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, барча соҳаларни ривожлантириш бўйича келгуси икки йилда амалга ошириладиган устувор йўналишлар ва долзарб вазифалар белгилаб берилди. 

Учрашувда иштирок этган KUN.UZ манбасининг маълум қилишича, республиканинг ҳар бир туманидаги тегишли тўрт раҳбарга 250 минг АҚШ долларидан сармоя киритишга тайёр инвесторни топиш вазифаси юклатилди. Ҳар бир туманда бир миллион долларлик инвестиция киритилиши лозимлиги белгилаб қўйилди. 

Бундан ташқари, ҳар бир фермерга 50 та товуқ, бир соғин сигир, 4 қути асалари, лимон етиштириш бўйича мажбурият юклатилди. Манбанинг таъкидлашича, юқорида кўрсатилганларни етиштирмаганларнинг ерлари олиб қўйилиши айтилган.  

Шунингдек, томорқа ерларидан фойдаланиш бўйича ҳам муҳим янгилик маълум қилинган. Аҳоли ўзининг томорқа еридан яхши фойдаланса солиқ миқдори 3 фоизга камайтирилиши, агарда ундан фойдаланмаса 3 фоиздан 5 фоизгача давлатга қўшимча товон пули тўлаши айтилди. Қайд этилишича, бу бутун Ўзбекистон бўйлаб 1 январдан жорий этилади.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистонда келаси йили “Мактабгача таълим муассасалари йили” деб эълон қилиниши мумкин. Ҳар бир туманда эса бир йилда ўнтадан мактабгача таълим муассасалари давлат шерикчилиги бўйича очилади. Бунда 50 фоиз кредит давлат томонидан тақдим этилади, қолган 50 фоизини эса тадбиркор ўз ҳисобидан амалга оширади. 

Манбанинг билдиришича, Мирзиёев Кегейли тумани прокурорини қаттиқ танқид қилган. Прокурор тўртта секторнинг вазифаси, моҳияти нимадан иборат, деган саволга жавоб бера олмагани айтилди.

Мавзуга оид