Ўзбекистон | 17:13 / 21.12.2017
66291
3 дақиқада ўқилади

Кўп тармоқли фермер хўжалигига ўтиш босқичлари эълон қилинди

Фото: KUN.UZ

​21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг XIII ялпи мажлиси ўз ишини иккинчи кунда давом эттирди. Унда 77 нафар сенатор, вазирлик ва идоралар мутасадди раҳбарлари, суд ва прокуратура ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. «2018 йилда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш бўйича дастур»​ тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зойир Мирзаев нутқ сўзлади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради. 

«Тасдиқланган дастурга кўра, ўтиб бораётган 2017 йилнинг ўзида 23800та фермер хўжалиги кўп тармоқли хўжалик турига ўтди. Фаолият юритаётган кўп тармоқли фермер хўжаликлари асосан гўшт, сут маҳсулотларини қайта ишлаш, совитгич, омборхона ва иссиқхоналарни ташкил этиш, шунингдек аҳолига хизмат кўрсатиш каби йўналишларни ўз ичига қамраб олади. 

Янги дастурга кўра, 2018 йилда 21634та фермер хўжалиги жами 22та йўналиш бўйича кўп тармоқли фаолиятини бошлайди. Шунингдек, 22986та лойиҳа, жумладан фермер хўжаликлари томонидан 4,7 минг гектар майдонда интенсив боғ, 4,300 гектар ерда янги токзорлар, 844 гектар иссиқхона барпо этиш сингари лойиҳалар бажарилиши кутилмоқда»​, деб маълумот берди вазир. 

Маълум қилинишича, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири томонидан тилга олинган барча лойиҳаларни бажариш учун 1,6 триллион сўм қийматидаги маблағ талаб этилади. Мазкур маблағларнинг 609 миллиард сўми тижорат банклари кредитлари ҳисобига қопланиши назарда тутилган. Зойир Мирзаевнинг таъкидлашича, ушбу дастур амалиётга жорий этилиши билан туман ва қишлоқ жойларда 84 мингга яқин янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, кўп тармоқли фермер хўжаликлари сони 96 мингга, яъни жами фермер хўжаликларининг 60 фоизига етиши кутилмоқда.

«Лойиҳаларни амалга ошириш ҳудудида инфратузилма объектларининг мавжуд ёки йўқлиги, тижорат банкларнинг лойиҳа бўйича якуний хулосаси умумлаштирилган. Барчангизга маълумки, кейинги пайтда фермерлар пахта ва ғалла етиштиришда зиён кўрмоқда. Президент ташаббуси ва махсус қарори билан жорий йилда қарийб 1 миллион гектар майдонга такрорий экин экилиши белгиланди. Ушбу ислоҳот самараси ўлароқ, 4,2 триллион сўм қийматидаги ёки 5,6 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди»​, деб таъкидлаган вазир.

Мавзуга оид: ХПКда «илғор» фермерлар эртаги

Мавзуга оид