Фан-техника | 00:27 / 21.12.2017
14794
2 дақиқада ўқилади

Смартфон ва электромобиллар кобальтни 2017 йил хомашёсига айлантирди

Фото: EAST NEWS

Жорий йилда кобальт нархлари рекорд натижаларни қайд этди ва охир-оқибат, бутун хомашё бозорини ортда қолдирди. Кобальт бир йил ичида 120 фоизга қимматлади, бу вақтда эса Bloomberg хомашё бозори индекси 4 фоизга тушди. Ушбу металл сотувлари ҳажми икки бараварга - 4 миллиард доллардан 8 миллиард долларгача ўсди. 

Benchmark Mineral Intelligence компанияси прогнозларига кўра, 2026 йилга бориб литий-ион батареяларига бўлган талаб ҳозиргига нисбатан 6-7 бараварга ошади. Бундай умидлар литий ва никель каби аккумулятор ишлаб чиқаришда қўлланилувчи барча хомашё материаллари бозорини "қайнатади". Бироқ бу қаторда кобальтнинг алоҳида ўрни бор.  

Гап шундаки, дунё миқёсида кобальт ишлаб чиқаришнинг учдан икки қисми Конго Демократик Республикасига тўғри келади, у ерда эса доим янги фуқаролик уруши хавфи мавжуд, боз устига, мамлакат болалар меҳнатидан кенг  фойдаланишда айбланади. Натижада эса стратегик металлни қазиб чиқариш таҳдид остида қолади. Кўплаб жаҳон тоғ-кон компаниялари мамлакатни тарк этиб, кобальт қазиш учун Канада ва Австралияга кўчиб ўтган. 

Буларнинг бари 2017 йилда кобальт нархининг икки бараварга қимматлашига олиб келди - ҳар метр тонна учун 72 минг долларгача. Хомашё нархининг бундай ўсиши автоишлаб чиқарувчиларнинг электр транспорт ишлаб чиқаришга ўтиш режаларини хавф остига қўяди.

Ишлаб чиқарувчиларнинг электромобиллар билан боғлиқ умидлари Glencore тоғ-кон компанияси 2017 йил бошида Конгода очган икки йирик кон билан боғлиқ. Агар шу жойлардан кобальт етказиб беришда узилишлар бўлмаса, кобальт бозори барқарорлашади. 2018 йилда металл нархи ошишда давом этади, бироқ, экспертлар фикрича, бундай тезкор суръатларда эмас. 

Мавзуга оид