Жамият | 21:20 / 24.12.2017
29674
3 дақиқада ўқилади

Андижонлик коллеж ўқувчиларининг оддий ва керакли ихтиролари

Тўғриси, ҳар куни турли оламшумул ихтиролар, янгиликлар амалга оширилаётган замонда яшаяпмиз. Дунёнинг нариги четида ўйлаб топилган бирор технология ёки ускунага ҳайратланаётганимиз, рост.

Мен эса, ёш ўзбек йигитлари томонидан ўйлаб топилган ихтиролар билан танишдим. Андижон автомобиль йўллари коллежининг 2-курс ўқувчиси Жасурбек Хусанов лойиҳа ва чизмаларни ўзи ишлаб чиқиб, жуда ҳам керакли ускуна ясабди.

“Ускунам ёруғлик панели орқали, аккумляторларга қувват йиғади ва унинг ёрдамида ноотбукни бир соатда тўла қувватлантириш мумкин”, дейди Жасурбек. Шуни айтиб ўтиш керак-ки, ўқувчи йигит ўз қўли билан йиққан ускуна айни пайтда жуда керакли экан. Ноутбугингиз билан электр тармоғи йўқ жойга бориб қолсангиз, муаммо йўқ. Ёруғлик панелли қурилма ёрдамга келади.

Жасурбек ўтган йили вилоят касб-ҳунар коллежлари ўртасида ўтказилган “Самарали қурилма” кўрик танловида 1-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон Фанлар Академияси томонидан ўтказилган кўрик-танловда ҳам “Автоном энергия қурилмаси” ғояси билан ғолиб бўлибди.

Унинг тўрт-бешта янги лойиҳаси билан танишдик. Булар ичида “Тепаликларда жойлашган  экин майдонларига сув чиқариш” иши ҳам эътибор талаб қиладиган даражада экан. Ўқувчининг ўз ишланма ва чизмаларини ўзбек, рус ва инглиз тилларида тушунтира олиши ҳам ижобий ҳолат.

Яна бир коллеж талабаси Одилжон Маткаримовнинг ихтироси ҳам катта эътибор талаб қиладиган лойиҳа. Одилжон автомобиллар учун йилнинг тўрт фаслига мўлжалланган янги автошина турини ясабди. Лойиҳадаги автошина ички қисмида махсус гидро турумлар жойлаштирилган иккинчи қоплама ўрин эгаллайди. Оддийроқ тушунтирадиган бўлсак, ихтирочи ижод қилган янги турдаги шинадан ёзда ўз вазифасини бажариш билан биргаликда, қишнинг сирпанчиқ ва музлама кунларида оддий бир ҳаракат билан суюқлик орқали қўшимча йўғон игнасифат металл игналар ўсиб чиқади. Ушбу лойиҳа билан танишган Андижон машинасозлик институти олимлари уни янада такомиллаштириш ва кенг фойдаланишга тавсия билдиришган. Ғоя муаллифи Республика миқёсида ўтказилган кўрик-танловлар ғолибидир.

Аслида оддий ижодкор ёшлар ўртасида янгиликка интиладиганлари ва жамият учун керакли ускуналар яратаётгани жуда кўп. Энди уларнинг ғояларини ҳаётга тадбиқ қилиш вақти ҳам келди.

Андижон ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси томонидан ташкил этилган “Ёшлар – келажак бунёдкори” тадбирида илм-фан, санъат ва спорт соҳасидаги ёшлар ўз иқтидорини намоён қилишди. Вилоят Ёшлар иттифоқи мутасаддилари ихтирочи йигитларнинг ғоялари бўйича ҳомийлик қилишга киришишини билдирдилар.

 

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид