Спорт | 18:47 / 25.12.2017
94325
2 дақиқада ўқилади

ЎФФ президенти ўзи айтган гапни ўзи инкор қилиб чиқди

Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов ЎФФ расмий сайтига бундан 47 кун олдин берган интервьюсини ўзи инкор қилиб чиқди.

 

Гап шундаки Аҳмаджонов 8 ноябрь куни чиққан «ПФЛ Олий ва Биринчи лига футбол клубларига қўйиладиган талабларни кучайтирди» номли хабарда янгича талаблар бўйича қисқача интервью берган ва «Биринчи лига клублари олдига ҳам мана шундай қатъий талаблар қўйиладими?», деган саволга қуйидагича жавоб қайтарганди:

Фото: ЎФФ расмий сайтидан скриншот 

«Ҳа, Биринчи Лига даражасини Олий лигага яқинлаштириш мақсадида бир қанча ўзгаришлар амалга оширилади. Жумладан, келаси мавсумдан бошлаб ҳар бир вилоятнинг бир жамоаси Биринчи Лигада иштирок этади. Бу йўл орқали юртимизнинг барча ҳудудларида футбол ривожланишига эришишни мақсад қилганмиз. Биринчи лига жамоалари таркибида фақат 24 ёшгача бўлган футболчилар тўп суриши белгилаб қўйилади. Бу орқали ёш футболчиларнинг захира ўриндиғига ўтириб қолишини олдини олиш кўзда тутилган».

Фото: ЎФФ расмий сайтидан скриншот 

Расмий сайтда берилган хабардаги айнан 24 ёшгача бўлган футболчилар ҳақидаги гап муҳим гап сифатида ажратилиб, қорайтирилган ҳолатда берилганди.

Аммо бугун Газета.uz нашрига интервью берган Умид Аҳмаджонов бу гапларни инкор қилиб, буни «кўпчилик шунақа ёзяпти», дегандек изоҳлаган:

Газета.uz сайтидан скриншот

«Кўпчилик келгуси йили ПРО-лигада 24 ёшгача бўлган футболчилар иштирок этади деб ёзмоқда. Йўқ, ҳеч қандай чекловлар бўлмайди. Биз шунчаки, ёш футболчилар кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишини хоҳлаймиз», деган Аҳмаджонов.

Эслатиб ўтамиз, KUN.UZ ҳам айнан ЎФФ расмий сайтида берилган Умид Аҳмаджоновнинг интервьюси асосида 24 ёшгача бўлган футболчилар биринчи лигада тўп сура олишини ёзганди.

Мавзуга оид