Ўзбекистон | 12:03 / 26.12.2017
19539
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда қизил лавлагидан 300 баравар ширин ўсимлик нави яратилди

Сурхондарё вилоятидаги “Оллоҳёрохун” фермер хўжалиги уч гектар майдонда стевия ўсимлигини очиқ далада парваришлаб, ундан маҳаллий иқлим шароитида кўпайтиришга мос уруғ олди, деб ёзмоқда ЎзА.

– Бу ўсимликни узоқ йиллар тажриба майдонимизда парваришлаб, бир неча йил олдин унинг маҳаллий иқлимга чидамли, серҳосил “Сурхон” навини яратгандик, – деди фермер Х.Аллаёров. – Шундан сўнг уни очиқ далага экиб, синовдан ўтказдик. Кутилганидан ҳам яхши натижа берди. Жумладан, баргидан олинадиган стевиозид моддаси ўсимлик ватани –Парагвайда 6-7 фоизни ташкил этган бўлса, биз ўстирган стевия баргида бу кўрсаткич 12,4 фоизгача бўлгани қайд этилди. Янги йилда 50 гектар майдонга уруғини қадаб, мўл ҳосил олишни мўлжалламоқдамиз. 

Қизил лавлагидан уч юз баравар ширин бу ўсимликдан олинган препаратлар жаҳон тиббиётида ошқозон-ичак, камқонлик, ортиқча вазн билан боғлиқ касалликларни даволашда самарали восита ҳисобланади. Қандли диабет билан касалланган беморлар учун шакар ва бошқа ширинлик ўрнини босувчи ноёб дармондори саналади. Озиқ-овқат саноати ва салқин ичимликлар ишлаб чиқаришда хушбўй таъм берувчи модда сифатида қўлланилади. 

Фермер етиштираётган ўсимлик Тошкент вилоятидаги “Чирчиқ стевия интерфарм” масъулияти чекланган жамиятида қайта ишланмоқда. 

Мавзуга оид