Ўзбекистон | 19:00 / 31.12.2017
60494
3 дақиқада ўқилади

2017 йил Ўзбекистонда: йилнинг антиқа сарҳисоби

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида машҳур бўлган Troll.uz жамоаси ўз йўналишида 2017 йил сарҳисобини тайёрлади. Унга кўра, қизиқарли ва шов-шувларга сабаб бўлган ҳодисалар бирма-бир эслаб ўтилган.

«Йил рекорди ва муваффақиятсизлиги» номинациясида «Ўзбегим» миллий қадриятлар фестивали ёдга олинган. Фестиваль доирасида тайёрланган мегапалов Гиннеснинг рекордлар китобига кирганди, аммо тадбир давомида текин тарқатилган ош ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ташланган омманинг ҳаракатлари барчани лол қолдиргани ҳам сир эмас. Шунинг учундир, у йилнинг муваффақиятсизлиги сифатида ҳам таништирилди.

22 август куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қиймати 50000 сўм бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгиларини муомалага чиқарганди. Troll.uz​ ушбу ҳодисани «Йил қулайлиги», деб номлаган. Аслида, шу йилнинг ўзида 10000 сўмлик банкнот ҳам муомалага чиқарилганди. 

«Йилдаги қайта кўриб чиқиш» номига Тошкент шаҳридаги тўсиқларнинг олиб ташлаш ташаббуси лойиқ, деб топилган.

«Аср «​Ва ниҳоят»​и» этиб ўзбек сўмининг хорижий валютага нисбатан қиймати бозор иқтисодиёти асосида белгилангани эътироф этилмоқда. Эслатиб ўтамиз, эркин валюта конвертацияси амалиётга жорий қилиниши билан, «параллель олам»даги нарх-наво расман тан олинганди.

«Йил театри» эса санъаткорларнинг пахта терим мавсумида иштирок этгани бўлди. Суратда уларнинг пахта мавсумида тушлик қилиши тасвирланган.

Барча ижтимоий тармоқларда Пушкинбозликни бошлаб берган Навальнийнинг сўзларидан сўнг, «Йил шоири» айнан Пушкин, деб топилган.

«Йил такаббурлиги» номинацияси GM Uzbekistan компаниясига насиб этди. Қизиқарлиси, ушбу ном бензин нархини ўзгартирилганида ҳам ишлатилган. Гап шундаки, ҳар икки ҳолатда ҳам мутасаддилар маҳсулот нархи яқин келажакда ўзгармай қолишини таъкидлаб, кескин равишда ўсишни яшириб келганди.

«Йилнинг энг омадлилари» эса ҳукумат таркибидаги энг ёш вазир ўринбосари Алишер Саъдуллаев ҳамда Фан ва технологиялар агентлиги Бош директори ўринбосари Тўйчиев Олимжон эътироф этилган. Ёдингизда бўлса, 2017 йил 30 июнь куни айнан Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ушбу кадрларни лавозимга тайинлаганди.

«Йилнинг кўз қисиши»! Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дилфуза Жалилованинг телевидение орқали жонли эфирда узатилаётган «Муносабат» кўрсатувида кўз қисиши барчани ҳайратга солганди.

Албатта, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномаси «Йил нутқи» бўлди. Нутқ деярли тўрт соат давом этган.

Мавзуга оид