Жаҳон | 22:10 / 31.12.2017
17617
2 дақиқада ўқилади

Трамп Эрондаги воқеаларга муносабат билдирди

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрондаги норозилик намойишларига муносабат билдира туриб, ушбу мамлакат ҳукуматини терроризмни қўллаб-қувватлашда айблади.

«Эронда кенг кўламли йирик намойишлар бўлиб ўтмоқда. Ниҳоят эронликлар вазиятга донолик билан муносабатда бўлишмоқда, улар пуллари ва бойликларини тортиб олиб, терроризм учун сарфлашаётганини англаб етишди. Кўринишидан, уларнинг сабри чидамади», — дея ёзган Трамп Twitter саҳифасида.

Америкаликлар етакчисининг сўзларига кўра, Вашингтон «инсон ҳуқуқлари бузилиши» билан боғлиқ ҳолатларни диққат билан кузатиб боради.

Жума куни Машҳадда 200 киши иштирок этган норозилик акцияси бўлиб ўтган эди. Улар Эрондаги иқтисодий ҳолатдан норозилик билдириб, ҳукуматга қарши шиорларни баралла айтишган. Полиция Машҳаддаги олдиндан келишилмаган митингларда қатнашган ва давлат мулкига зиён етказган 52 кишини ҳибсга олган.

Бундан аввалроқ ОАВда Эроннинг иқтисодий сиёсатига қарши намойишлар мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам авж ола бошлагани ҳақида хабар қилинганди.

Қайд этиш керакки, Трамп Эрон ҳукуматини бунгача ҳам кўп марта терроризмни қўллашда айблаган.

Мавзуга оид