Жаҳон | 09:00 / 03.01.2018
6139
2 дақиқада ўқилади

Ҳондурасдаги сайловларда ютқазган номзод ўзини президент деб эълон қилмоқчи

Фото: AP Photo / Rodrigo Abd

Ҳондурас мухолифати етакчилари мамлакат президенти сайловларида гўёки овозларни ҳисоблашда фирибгарликка йўл қўйилганига қарши халқни кўтарилишга чақирдилар. Сайловларда ютқазган номзод Сальвадор Насралла эса ўзини президент деб эълон қилиб, инаугурацияга тайёргарлик кўришини маълум қилган.  

Ҳондурасда сайловлар 26 ноябрда бўлиб ўтган, бироқ амалдаги президент Хуан Орландо Эрнандес ушбу лавозимга қайта сайлангани декабрь ўрталарида эълон қилинган. Мухолифат тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишларини ташкиллаштирган. Бу тартибсизликлар оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлган. Намойишчилар сайловларнинг иккинчи тури ўтказилиши ёки овозлар қайта ҳисобланишини талаб қилишган. Ҳукумат комендантлик соати киритиб, фуқаролар ҳуқуқларининг конституциявий кафолатлари амал қилишини тўхтатган.

“27 январдан бошлаб халқ исёни бошланади, одамлар бунга тайёрлансинлар. Халқ узурпатор-ҳукуматга бўйсунмайди, биз қаршилик кўрсатамиз”, деб айтган мухолифат альянси координатори, собиқ президент Мануэль Селайя. 

Ўз навбатида мухолифат номзоди, сайловларда ютқазган Сальвадор Насралла президент лавозимига киришишга тайёрлигини маълум қилган. “Мен 27 январда Ҳондурас президенти лавозимини бажаришга киришаман. Биз стадионлардан бирида тантанали тадбир ўтказамиз”, деб айтган Насралла.

Мавзуга оид