Жаҳон | 21:30 / 04.01.2018
16905
2 дақиқада ўқилади

Фото: Эронда «исён бостирилгани» муносабати билан намойишлар бўлиб ўтди

4 январь куни Эроннинг бир қатор шаҳарларида ҳукуматни қўллаб-қувватлаб намойишлар ўтказилди.

The Times of Israel хабарига кўра, Эрон давлат телевидениеси мамлакатнинг 10дан ортиқ шаҳри, хусусан, Исфаҳон, Машҳад ва Ардабил шаҳарларида минглаб кишилар иштирокида уюштирилган тинч митинглар лавҳаларини намойиш этилган. Бу намойишларда жами 42 минг киши қатнашган.

Фото: epa/vostock-photo

Айнан шу шаҳарларда бир ҳафта муқаддам ҳукумат сиёсатига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди.

Эрондаги ISNA агентлиги мамлакат олий раҳбари Али Хоманаийнинг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Али Акбар Вилоятийнинг сўзларини келтирган. У «эронликлар душманга ўз вақтида қарши чиққани» ҳақида айтган. У эндиликда халқ ҳукуматнинг иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш бўйича қарорини кутаётганини қўшимча қилган.

© AP Photo / Mehr News Agency

28 декабрь куни бошланиб, охирги бир ҳафта мобайнида Теҳрон, Машҳад, Исфаҳон ва Ришт шаҳарларида ҳукуматга қарши бўлиб ўтган йирик намойишлар муваффақиятсизликка учради. 3 январь куни Эрон Инқилоб қўриқчилари корпуси раҳбари Муҳаммад Али Жафарий «исён бостирилгани» ҳақида эълон қилди.

Полиция билан тўқнашувлар вақтида 21 киши ҳалок бўлди, намойишлар давомида мингдан ортиқ киши жароҳат олди.

Эрондаги воқеалар жаҳон ҳамжамияти диққат-марказида турди. Хусусан, АҚШ президенти Дональд трамп ва унинг маъмурияти намойишчиларни бир неча марта қўллаб-қувватлади. Трамп кейинроқ, «вақти келганида» эронликларга албатта ёрдам беражагини айтди.

Намойишларнинг муваффақиятсизликка учрашига Эрон ҳукумати томонидан Телеграм ва Инстаграм блоклаб қўйилиши сабаб бўлди. Натижада, турли шаҳарлардаги намойишчилар бир-бирлари билан алоқа ўрната олмай қолишди.

Мавзуга оид