Ўзбекистон | 00:10 / 10.01.2018
11515
3 дақиқада ўқилади

«Дунё бўйлаб» каналининг «Туризм 365» каналига ўзгартирилиши​ кутилмоқда

Ўзбекистон бўйлаб доимий саёҳатга борадиган фуқаролар учун солиқ имтиёзларини яратиш ҳамда мамлакатда ички туризмини янада ривожлантириш мақсадида иш режаси жамоатчилик билан муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, ушбу мақсадлар қаторида ЎзМТРК «Дунё бўйлаб» каналининг «Туризм 365» каналига ўзгартирилиши режага киритилган. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов сўзларига таянган ҳолда Kun.uz мухбири хабар берди.


«Айни пайтда сайёҳлик маданиятини юксалтириш борасида кўп ишлар қилинишини талаб этмоқда. Бунинг учун биз барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз лозим. Шу ўринда ҳар бир соҳа вакиллари учун алоҳида йўналишлар кўрсатишимиз мумкин», деб таъкидлаган қўмита раиси 9 январь куни ташкиллаштирилган йиғилишдаги нутқи давомида.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Мусулмонлар идорасига «Зиёрат туризми» бўйича биринчи ҳафта Имом Ал-Бухорийни, кейинги ҳафта Зангиотани ва яна бошқа ислом уламоларини қабри ва мадрасаларини зиёрат қилишга тарғиб этишда қўлланувчи (жами 52 ҳафта учун мўлжалланган) материаллардан фойдаланиш тавсия этилган.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкилоти ёшларимиз учун тоғ спорти туризмини ташкил этиши, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълим вазирлиги учун туризм бўйича фан ташкил этишлари, коллеж ўқувчиларига эса индустриал тур жорий этиш, Ички ишлар вазирлиги ходимларининг оилавий турларини ташкиллаштириш таклифи билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси «ҳар бир ташкилотнинг ўзида тур фирмалар» очиш кераклигини ўз нутқида билдириб ўтди.

«​Бошқа соҳа вакиллари эса ўз йўналишидан келиб чиқиб, тарғибот ишларини амалга оширса, нур устига аъло нур бўлади. Бу эса ҳар бир соҳада ички туризмни ривожлантириш бўйича қўлланмалар яратишни тақозо этмоқда.

Шунингдек, ташкилотлар номидан юбориладиган вакиллар учун 50 % чегирма қилиб бериш (меҳмонхона, транспорт ва кафе-ресторанлар учун), шу билан бир қаторда мамлакатимиз бўйлаб доимий саёҳатга борадиган фуқароларимиз учун солиқ имтиёзлари яратиш ҳамда энг муҳимларидан бири «Дунё бўйлаб» каналининг «Туризм 365» каналига ўзгартирилиши ҳам режага киритилган. Бир сўз билан айтганда, туризм миллий ғояга айланиши лозим!»​, дея таъкидлаб ўтди қўмита раиси.

Мавзуга оид