Ўзбекистон | 19:10 / 11.01.2018
24261
2 дақиқада ўқилади

Давлат ва жамият қурилиши тизимидаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди

Фото: KUN.UZ

11 январь куни "Тараққиёт стратегияси" марказида 2018 йил Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига бағишланган брифинг ўтказилди. Унда Дастурнинг Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларида белгиланган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. 

KUN.UZ мухбирининг мутахассислар тақдим этган маълумотларга асосланиб хабар беришича, 2017 йилги Давлат дастури муҳокамалари бўйича жамоатчиликдан 1310 та таклиф ва мулоҳазалар келиб тушган бўлса, 2018 йилда эса уларнинг сони икки кун ичида 1223 тани қайд этишга улгурган, буларнинг 50 фоизга яқини айнан Давлат дастурининг биринчи йўналиши - Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга тегишли. 

Мазкур тизимни такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари 2018 йилда амалга оширилиши назарда тутилган 44 банддан иборат. Буларнинг орасида аҳолига онлайн маслаҳат бериш бўйича қўшимча имкониятга эга бўлган Ўзбекистон Президентининг янгиланган виртуал қабулхонасини жорий этиш, фуқароларнинг хорижга чиқиш тартибини соддалаштириш, фуқароларни доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш тизимини соддалаштириш, аҳолини қайта рўйхатга олиш концепциясини тайёрлаш, давлат хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминоти тизимини такомиллаштириш, давлат хизматларини инновацион технологиялар ёрдамида кўрсатиш кабиларни алоҳида қайд этиш мумкин. 

Таъкидлаш жоизки, 2018 йил Давлат дастури лойиҳаси 3 хил форматда жамоатчиликка етказиш режалаштирилган: 
1. Давлат дастури лойиҳаси 2018.strategy.uz ҳамда www.regulation.gov.uz порталига жойлаштирилган; фуқаролар шу сайтлар орқали ўз таклиф ва мулоҳазаларини ёзиб қолдиришлари мумкин;
2. Ҳар бир йўналиш бўйича вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида брифинглар ўтказиш ва улар орқали маълумотларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш;
3. Жамоатчилик муҳокамалари ташкил қилинмоқда. Ҳар бир йўналиш бўйича медиа-холларда савол-жавоблардан иборат муҳокамалар ташкил этиш.

Мавзуга оид