Ўзбекистон | 17:50 / 11.01.2018
22251
2 дақиқада ўқилади

Қайта тикланган давлат рақами белгиси неча кунда берилиши керак?

Фото: KUN.UZ

Адлия вазирлиги томонидан автомототранспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказиш тартибига киритилган ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирликнинг ижтимоий тармоқдаги «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар берилган.

Ҳужжатга кўра, давлат рақами белгиларини қисқа муддатларда қайта тиклаш зарурати пайдо бўлганда жисмоний ва юридик шахслар Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига ариза билан мурожаат этишлари мумкин.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

автомототранспорт воситаси эгаси ёки унинг вакилининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат;
тегишли тўловни тасдиқловчи ҳужжат;
транспорт воситасининг рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги қайд этиш гувоҳномасининг нусхаси.

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар уч иш куни ичида ўрганилади, транспорт воситаси кўрикдан ўтказилади. Ҳужжатларда камчиликлар аниқланмаган тақдирда шу куннинг ўзида Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси яроқсиз ёки шикастланган давлат рақами белгиларини қабул қилади. 

Бунда илгари фойдаланишда бўлган давлат рақами белгилари вақтинча фойдаланишга берилади. 

Қайта тикланган давлат рақами белгилари беш иш куни ичида Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан топширилади.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан www.lex.uz сайтида танишиш мумкин.

Мавзуга оид